Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан «Гендер тенглик фаоли» миллий танловининг тақдимоти бўлиб ўтди.Унда комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётида фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини муҳофазалаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор жамият фаровонлигини юксалтиришга замин бўлмоқда. Кейинги йилларда бу йўналишда 2 та муҳим ҳужжат — “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги ва “Хотинизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ҳуқуқий ва ташкилий ишлар натижасида опа-сингилларимизнинг давлат бошқаруви, илм-фан, тадбиркорлик ва бошқа  соҳаларда фаоллиги ошмоқда.

«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этишдан мақсад бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил ва тарғиб этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамият ҳаётида фаоллигини янада оширишдан иборат.

— Анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилган танловда йил якунлари бўйича гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, бу борада жамият ривожи учун ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва журналистлар иштирок этади,- дейди Олий Мажлис Сенати хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсунова. - Танлов бир қанча асосий номинациялар бўйича ўтказилади. «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол вазирлик/давлат муассасаси ташкилот ва идоралар»; «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган энг яхши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи»; «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик»; «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ»; «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик фаолияти субъекти» каби йўналишлар шулар жумласидан.

Шунингдек, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TV-дастур”, «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал», «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр» каби қўшимча номинацияларда ҳам совриндорлар аниқланади.

Мазкур миллий танлов гендер тенгликни таъминлаш йўналишида давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, татбиқ этилган лойиҳаларнинг давомийлиги, вазирлик, ташкилот, идоранинг расмий веб-сайтида гендер тенглик саҳифасининг мавжудлиги каби мезонлар асосида ўтказилади. Танлов ғолиблари жорий йил декабрда эълон қилинади.

Баҳор ХИДИРОВА,

«Янги Ўзбекистон» мухбири