Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 6-11 ноябрь кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси хизмат сафари билан Германияда бўлиб қайтди. Сафар давомида делегация аъзоларининг ГФРнинг расмий сиёсий доиралари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан ўндан ортиқ учрашувлари ташкил этилди.

Шундай учрашувлардан бири Берлин депутатлар палатаси вице-президенти Денис Бушнер билан бўлиб ўтди. Мулоқотда Берлин шаҳар парламенти, ундаги фракциялар ва депутатлар, шунингдек, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, хизмат сафари доирасида Ўзбекистон делегацияси ГФРнинг Саксония Федерал Ери Кенгаши (парламенти) раиси Маттиас Рёсслер билан ҳам учрашди. Унда федерал ер тарихи, иқтисодиёти ва саноати салоҳияти ҳамда маҳаллий кенгаш фаолияти, шаклланиши ва ваколатлари юзасидан муҳокама бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегациясининг Германияга сафари ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида ташкил этилди.