Азалий қадриятимиз кураш юртимиз ёшлари қалбида ватанпарварлик, мардлик, олижаноблик туйғуларини шакллантирибгина қолмай, миллий спортимиз имкониятларини халқаро майдонда намойиш этишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида хорижий мамлакатларда мусобақалар ташкил этиш, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун зарур шарт-шароит яратиш вазифалари белгиланган.
Зеро, мустақиллик туфайли ҳамда миллий спортимиз билимдони, бир нечта яккакураш спорт турлари бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси Комил Юсупов томонидан ишлаб чиқилган курашнинг замонавий спорт қонун-қоидаси, терминологияси, Ўзбекистон байроғидан жило олган спорт формаси яратилди. Натижада минг йиллик миллий меросимиз – кураш умумбашарий қадриятлар билан уйғунлашди. Халқаро спорт мақомига кўтарилди. Пировардида, жаҳон спорт майдонида Ўзбекистоннинг тимсолига айланди. “Кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта”, “ёнбош” каби ўзбек сўзлари халқаро спорт луғати таркибидан ўрин эгаллади.
Айтиш жоизки, 1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Халқаро кураш ассоциацияси бугун сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 130 га яқин давлатлардаги федерацияларни бирлаштирди. 2010 йилда Халқаро кураш ассоциацияси Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун буюртма беришда муҳим талаб ҳисобланган Халқаро допингга қарши агентлик (ВАДА)нинг эътирофига сазовор бўлди. 2002 йили Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларида илк бор Ўзбек курашининг кўргазмали чиқиши намойиш этилди. 2003 йили Осиё Олимпия кенгашининг тегишли Низомига ўзгартириш киритилиб, Ўзбек кураши Осиё спорти сифатида тан олинди. 2005 йили эса Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги “Олимпия” музейида бир йиллик Ўзбек кураши кўргазмаси ўтказилди. 2006 йилда Қатарда ўтган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбек кураши бўйича 10 та давлат вакиллари иштирокида 4 та вазнда мусобақалар ўтказилди. 2007 йилдан Макао, Ветьнам, Таиланд, Жанубий Корея давлатларида бўлиб ўтган ёпиқ иншоотларда, соҳил ўйинлари ва яккакураш спорт турлари бўйича ўтган Осиё ўйинларида кураш мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилди. 2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида ўтган Осиё Олимпия кенгаши ассамблеясида Кураш илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди ва 2018 йили Индонезиядаги ёзги Осиё ўйинларида 40 дан ошиқ давлатларнинг спортчилари кураш медаллари учун беллашишди. Ҳозирга қадар дунёнинг турли давлатларида 13 маротаба Жаҳон чемпионати, 11 маротаба Осиё чемпионатлари ўтказилди.
Аждодлардан мерос курашнинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, жаҳон аренасидаги ролини ошириш, уни Олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш мамлакат жисмоний тарбия ва спорт тизимининг стратегик мақсадидир. Шу маънода, мазкур қарор асосида хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирларни тизимли ўтказишга эришиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 7-9 май кунлари Германиянинг Франкфурт-Майе шаҳри мезбонлик қиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир ана шу йўлдаги муҳим мусобақалардан бири ҳисобланади. Франкфурт-Майе кураш гиламидаги беллашувларда эркаклар +81 кг вазн тоифасида, аёллар +63 кгда совринли ўринлар учун курашишади.
Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси, Ўзбекистон ва Германия кураш федерацияси каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган ҳалқаро турнирда кўҳна қитъанинг 30 га яқин давлатларидан кучли полвонлар қатнашиш учун буюртма топширган.
Ҳалоллиги, олижаноблиги билан жаҳон спорт оламида ном қозониб келаётган кураш Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари, янги ютуқларига кенг йўл очса, олимпия ўйинлари тизими сари яна бир шаштли қадам ташласа, не тонг.
Ўзбекистон кураш федерацияси матбуот хизмати