Ушбу ўқув курсларининг тантанали очилиши маросимида Бош консул Олимжон Абдуллаев тадбир иштирокчиларини тобора яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклар экан, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, жумладан, хориждаги юртдошларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар билан таништирди.
Дипломат ватандошлар фарзандлари учун махсус курслар ташкил этиш лойиҳасини биргаликда амалга оширишда кўрсатган кўмаги учун «Ҳумо» немис-ўзбек жамияти вакилларига миннатдорлик билдирди.
Таъкидлаш керакки, «Ўзбек тили ва маданияти» махсус курслари учун дарслик ва қўлланмалар «Ватандошлар» жамоат фонди томонидан тақдим этилди.
«Ҳумо» немис-ўзбек маданий жамияти раиси Отабек Холиқбоев ушбу курсларда нафақат Франкфурт ва унга яқин аҳоли пунктларидан келган ўзбек оилаларининг фарзандлари, балки ўзбек халқининг тили, маданияти ҳамда анъаналарига қизиқувчи барча ватандошлар ва чет фуқаролари қатнашишлари мумкинлигини билдирди.
Тадбирда нафақат юртдошларимиз ва уларнинг фарзандлари, балки Франкфуртнинг туб аҳолиси вакиллари ҳам иштирок этишди. Улар томонидан маҳаллий аҳоли ўртасида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани маълум қилинди.
Хусусан, рассом Лаура Зерлач тантанали маросимдаги нутқида тил миллатнинг ўзлигини, унинг маънавий салоҳиятини белгилашини алоҳида таъкидлади.
«Тил - халқ тарихи ва давлат тараққиётининг кўзгусидир. Ўзбек тили халқнинг кўп асрлик маданий, илмий, маънавий ва бадиий тафаккури, интелектуал салоҳиятининг бебаҳо маҳсули сифатида дунёнинг бой ва қадимий тиллари қаторидан ўрин олган. Ўғлим бугундан бошлаб ўзбек тилини ўрганишни бошлади. Машғулотлар давомида ўзбек тили маданияти ва анъанаси, шунингдек, адабий асарлар билан яқиндан танишдик», деди у.