Халқаро анжуманларнинг навбатдаги кунида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари Германия, Россия, Туркия, Қирғизистон компаниялари ва инвесторлари билан мулоқотларга киришди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.

Хусусан, “Улкан-Лазиз” МЧЖ ҳамда Германиялик инвестор билан бўлиб ўтган музокаралар якуни билан хорижий сармоядор Ўзбекистон саноатига 100 миллион евро маблағ йўналтиришини маълум қилди. Ушбу маблағ эвазига Ўзбекистонда чармни қайта ишлаш, пойабзал ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар ишга туширилади. Шунингдек, текстиль, қурилиш саноатида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилиши назарда тутилган. Германиялик инвестор келгуси ҳафтада Ўзбекистонга ташриф буюриб мамлакатимиздаги бизнес муҳити ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишади. “Ўзчармсаноат” уюшмасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларни имзолаш режалаштирилган.

Шунингдек, кўргазмада Россиянинг йирик савдо тармоқлари республикамизда тайёрланган мавсумий пойабзалларга ҳам қизиқиш билдирди. Жумладан, “Шарқ Равон” МЧЖ ва Россиянинг йирик савдо тармоғи ўртасида ўтказилган музокараларда мавсумий пойабзалларни Россия бозорига етказиб бериш юзасидан дастлабки келишувга эришилди. Россия томони мамлакатимиз корхонасидан дастлабки босқичда 20 минг жуфт мавсумий пойабзаллар харид қилишни режа қиляпти.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Туркиянинг “KSAID” ташкилоти ўртасида бўлиб ўтган мулоқотларда эса, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазмалар фаолиятида тажриба алмашиш ҳамда “UzCharmExpoEurAsia-2023» халқаро кўргазмасида турк компаниялари иштирокини таъминлаш бўйича фикр алмашилди, деб хабар беради “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.