Роберт Кох институти Халқаро соғлиқни сақлаш маркази директори ўринбосари, Халқаро соғлиқни сақлаш ахборот маркази раҳбари, доктор Андреас Янсен раҳбарлигидаги гуруҳ Роберт Кох институтининг етакчи эксперт ва мутахассислари, шунингдек, Франкфурт-Майн ва Дюсселдорф университетлари клиникаларининг юқори малакали врачлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакилларидан ташкил топган.
Германиялик мутахассислар ташрифидан кўзланган мақсад юртимизда COVID-19га қарши кураш борасида ҳолатни таҳлил этиб, тегишли тавсиялар тақдим этишдан иборат.
Шунингдек, улар Вирусология илмий текшириш институти клиникасида, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, ҳамда қатор вилоятлардаги ушбу соҳага ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, коронавирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий ҳамкасбларига амалий кўмак беришларни режалаштирган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.