Яқинда мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари “2022 йилни ҳокимларнинг мактабга эътибори йили, деб эълон қилганмиз ва туман ҳокими “РайОНО” мудири бўлади, деган вазифаларни, афсуски, ҳамма ҳокимлар ҳам ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ”, дея айтиб ўтди. Шунингдек, Президент таълим муассасалари, хусусий ўқув даргоҳларидаги илғор методикани ҳудудидаги мактабларда жорий қилиш борасида ҳокимларда ташаббус етишмаётгани таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам таълим сифатини тубдан ошириш, мактаблардаги маънавий муҳитни яхшилаш борасида бажарилаётган тизимли ишлар салмоғига нисбатан самарадорлик анча паст. Шу маънода таълим-тарбия масаласига ҳамма масъул экани, айниқса, вилоят, туман ҳокимлари бу борада фидойилик кўрсатиши зарурлиги қайта-қайта таъкидланаётгани бежиз эмас. Зеро, мактаблардаги муаммоларни, асл ҳолатни ҳокимлар “РайОНО” мудири бўлгандагина кўра олади.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов туманда кўплаб янги лойиҳалар қатори мактаблардаги таълим сифатини, айниқса, ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш бўйича ўзига хос тажрибани йўлга қўйди. У Германиядан малакали ўқитувчиларни туманга таклиф этиш лойиҳасини ишлаб чиққан. Унга кўра, таклиф этилган 5 нафар тажрибали педагогнинг бири — мюнхенлик, 40 йиллик педагогик тажрибага эга Йорг Астер бу йил февраль ойида Қўрғонтепага етиб келди.

Олмониялик педагогни тумандаги 5-мактаб мактаб жамоаси кутиб олди. Чунки Йорг Астернинг иш жойи, яъни алоҳида синфхонаси шу мактабда ташкил этилган. Синфхона замонавий жиҳозлар, янги авлод компьютери, маъруза учун қўшимча техник қулайликлар билан таъминлангани хорижлик мутахассисга аввалбошданоқ кўтаринки кайфият бағишлади. Бу ҳақида ўшанда у тўлқинланиб гапирганди.

Йорг Астер бир ой тумандаги немис тили ўқитувчиларининг билими ҳамда малакасини ошириш билан шуғулланди. Меҳмонни юртига кузатар чоғи туман ҳокими унга ҳудудда немис тили фанини ўқитиш сифатини юқори даражага олиб чиқиш мақсадида узоқроқ муддатга янги шартнома тузишни таклиф қилди. Германияга етиб боргач, педагог ҳалқаро ташкилот мутасаддиларига Қўрғонтепа ҳақида илиқ фикрлар айтиб, туманда ишни давом этиш истагини билдирди. Уни туманга қайта юбориш масаласи маъқуллангани, албатта, қувонарли.

Март ойида иккинчи ўқитувчи — Карл Шварц кутиб олинди. Режага мувофиқ, тумандаги йиғма уй-жойлар мавзесида яшаш жойи ва 3-мактабда замонавий дарсхона билан таъминланган чет эллик мутахассис айни пайтда инглиз тили фани ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ўтяпти. Учрашув пайти Элёрбек Набижонов Карл Шварцдан ҳамкорликда таълим соҳасини ривожлантириш, муаллимларнинг малакасини ошириш учун бор имкониятини ишга солиши, зарур бўлса, қўшимча кўмак беришини сўради.

Айни пайтда худди Йорг Астер каби Ўзбекистонга, самимий ўқитувчиларга меҳри тушиб қолган жаноб Шварц юртимиз, жумладан, Қўрғонтепа ҳақида шундай деди: “Мен кўп давлатда бўлганман. Бироқ бу ердаги ўқитувчиларнинг қизиқиши мени ўзгача таъсирлантирди. Уларнинг билимга иштиёқи, фанга муносабати таҳсинга лойиқ. Яқин уч ҳафтада педагогларга билганларимни ўргатаман ва ўйлайманки, уларнинг фаолияти яна бир неча поғона юқорилайди. Туман ҳокимининг таълимни ривожлантириш учун қилаётган ишларидан ҳайратландим. Илм-фанга эътиборли жамият юксалаверади. Ўзбекистон менда шундай таассурот уйғотяпти”.

Карл Шварц инглиз тили ўқитувчилари билан илғор тажрибалар асосида шуғулланишдан бўш вақтида маҳаллий мактаблар фаолияти билан ҳам алоҳида қизиқмоқда. Жумладан, тумандаги 16-мактабга бориб, инглиз тили дарсларининг ўтилиши, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги мулоқотни диққат билан кузатди. Қўлланаётган метод ҳамда педагогик технологиялар билан яқиндан танишди. Шу билан бирга педагоглар ва ўқувчилар билан самимий суҳбатлашиб, дарс мазмунини бойитиш бўйича қўшимча тавсиялар берди.

Ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам хорижлик мутахассис эътиборидан четда қолмади. Хусусан, 8-МТТда бўлган жаноб Шварц муассасанинг кун тартибини ўрганди ва болаларга тил ўргатиш бўйича машғулотларга гувоҳ бўлди. Ўз навбатида, тарбиячи ва ўқитувчилар ҳам тажрибали педагогдан кўпроқ билим, тажриба олиб қолиш истагида.

Яқинда туманда илгари сурилган яна бир ташаббусга кўра, хорижий тил ўқитувчилари ўртасида “Ҳоким соврини учун” фан олимпиадаси ўтказилди. Беллашувда 120 нафар инглиз тили ва 11 нафар немис тили ўқитувчиси қатнашди. Якуний натижаларга кўра, ғолибларга 1-ўрин учун 10 миллион, 2-ўрин учун 7 миллион ва 3-ўрин учун 5 миллион сўмлик ваучерлар, шунингдек, ҳар бир ўринга иккитадан ғолиблик белгиланиб, пешқадамларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Туманда аввал кузатилмаган бу каби тизимли ишлар ўқитувчиларни ўз устида тинимсиз ишлашга ундаш баробарида бўлғуси лойиҳаларга хайрихоҳлигини оширмоқда.

Ҳар бир ҳудудда муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топадиган, ўқитиш сифатини кўтаришда мактаб директорлари ва ўқитувчилар билан бақамти ишлайдиган масъулларнинг ўз вазифасига виждонан ёндашуви таълим фидойиларини кашф этишда муҳим омил бўлади. Айниқса, мактабларда билим бериш сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар самарадорлигини белгилаб берувчи муҳим мезондир.

Муножат Мўминова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири