Бу ҳақдаги сертификатни марказ илмий кенгаши аъзоларига тантанали топшириш маросимида расмий вакил ва ҳакам Шейда Субаши иштирок этди. Тадбирда лойиҳани амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган архитектор, лойиҳачи, дизайнер ва қурувчилар ҳам ҳозир бўлди.

Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган ушбу марказ улуғвор меъморий кўрсаткичлари билан ажралиб туради. Ҳудуд майдони 10 гектар, бинонинг узунлиги 161 метр, кенглиги
118
метр, гумбазининг баландлиги 65 метр, хоналарнинг умумий майдони эса қарийб 50 минг квадрат метрни ташкил этади. Айнан шу хусусиятлар жаҳон рекордига асос бўлган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бой тарихий мерос ва замонавий музей технологиялари уйғунлигини намоён этувчи ноёб намунадир, — дейди Шейда Субаши. — Мажмуанинг кўлами, концептуал яхлитлиги ва амалга ошириш даражаси Guinness World Records мезонларига тўлиқ мос келади. Бу нафақат энг йирик музей, балки маданиятлар мулоқоти ва билимларни келажак авлодларга етказиш учун замонавий платформа ҳамдир.

Айни пайтда марказ минтақадаги энг кўп ташриф буюриладиган илмий-маданий масканлардан бирига айланиб улгурди. Бу ерга ҳар куни 5000 нафаргача ташриф буюрувчи келмоқда. Guinness World Records унвонининг берилиши нафақат лойиҳа кўламининг эътирофи, балки уни амалга оширишда иштирок этган юзлаб мутахассис, олим ва экспертлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Шубҳасиз, бу мукофот Ўзбекистон Президентининг муал­лифлик лойиҳасига берилган муносиб эътирофдир, — дейди Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. — Энди мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиб, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш ва оммалаштиришга қаратилган кенг кўламли илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, исломнинг эзгулик, тинчлик, маърифат ва бағрикенглик дини эканини тарғиб қилишни давом эттириш асосий мақсадимиз ҳисобланади.

Guinness World Records эътирофи Ўзбекистоннинг ислом илм-фани, маданияти ва маърифати соҳасидаги муҳим сайёҳлик ва тарихий марказ сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, марказнинг ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маданий хилмахиллик тамойилларига асосланган цивилизациялар мулоқоти учун замонавий платформа эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири