Ҳолат бўйича Тошкент вилояти божхона бошқармаси маълумот берди.

Қайд этилишича, постнинг ўтказувчанлигини ошириш, бу ердан ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва автотранспорт воситалари учун замонавий ва қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш, божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни қисқартириш мақсадида ҳозирда "Ғишткўприк" божхона постини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-Қозоғистон билан чегарадаги "Навоий" (Ўзбекистон) – Капланбек (Қозоғистон) чегара-божхона постлари ҳар икки давлат томонидан модернизация ва реконструкция қилинаётгани сабабли ҳозирда ёпиқ.

Шунингдек, Қозоғистонга чиқиш йўналишидаги “С.Нажимов” (Ўзбекистон) – "Казыгурт" (Қозоғистон), "Сирдарё" (Ўзбекистон) – "Атамакен" (Қозоғистон) чегара божхона постларининг Қозоғистон томонида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан ушбу постлар орқали пиёдалар, автобус, енгил ва юк кўтариш қобилияти 3,5 тоннагача бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати реконструкция даврида вақтинчалик тўхтатилган.

Бу эса "Ғишткўприк" чегара-божхона постида фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатида вақтинчалик юклама юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Чегара-божхона постларида жисмоний шахсларнинг божхона назорати узлуксиз амалга оширилади. Фуқароларнинг асосий қисми «яшил» йўлак орқали ҳаракатланиши сабабли божхонада йўловчиларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўладиган касбий омил мавжуд эмас.

Чегара-божхона постларида фақатгина божхона эмас, бир нечта назорат идоралари фаолият юритишини инобатга олсак, ушбу идораларга тегишли ахборот тизимларида вақти-вақти билан кузатилаётган узилишлар ҳам қисқа муддатли тирбандликларга сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, меҳнат миграцияси, ёзги таътил ва байрам арафасидаги зиёрат туризми сабабли август ойи чегара-божхона постларида фуқаролар гавжумлиги ошадиган палла ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, енгил автотранспорт воситалари орқали ҳаракатланаётган фуқароларни Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги "Яллама" чегара божхона пости орқали ҳаракатланишларини тавсия қиламиз.

"Ғишткўприк" чегара-божхона пости кечаю кундуз фаолият юритишини инобатга олиб, постдан ўтишда сутканинг фуқаролар ва транспорт воситалари гавжум бўлмаган вақтини танлаш мақсадга мувофиқ.

Ҳозирда кузатилаётган ноқулайликлар вақтинчалик характерга эга бўлиб, постдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунига етгач, тўлиқ бартараф бўлади, — дейилади хабарда.