Дубайда бўлиб ўтган 40- ахборот технологиялари кўргазмасида биомуҳандисликдан генетик модификацияларгача, киберхавфсизликдан 5Gгача – ҳамма-ҳамма янгиликлар намойиш этилди. 60 давлатдан 1200 иштирокчи қатнашган бу кўргазма пандемия шароитида технологияга оид бекор қилинмаган ягона йирик тадбир дея баҳоланмоқда.

Месмер номини олган одамга жуда ўхшаш роботлар Engineered Arts компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мулоқот борасида муваффақият қозонган бу роботлар одам эътибор бермаслиги мумкин бўлган ҳаракатлар ва ҳиссий ўзгаришларни сезиш "қобилияти"га эга.

Шунингдек, кўргазмада дунёга машҳур киберхавфсизлик бўйича мутахассислар иштирок этди. Таниқли хакер Паблос Холман "Компанияларнинг иқтисодий аҳволи – улар ишлайдиган компьютерларда. Бу ер келажакнинг жанг майдонига айланади. Биз кенг кўламли иқтисодий ва тез суръатларда авж олиб бораётган киберурушлар даврини яшаяпмиз. Мен бу фикрларни сизни қўрқитиш учун айтаётганим йўқ, ҳақиқатга тик қарашни ўрганинг. Агар сиз ўйин қоидаларига мувофиқ ўйнамасангиз, албатта, ютқазасиз" деди у.

Яна бир "одобли хакер", спикер ва ёзувчи Брайан Силли пандемия пайтида ортиб бораётган хавфларга ишора қилди:

– Бугунги шароитда уйда ўтириб қонунийми, ноқонунийми – қандай пул ишлашни билмаётганлар сони ортмоқда.  Фирибгарлар фаоллашмоқда, уларнинг иштаҳаси очилмоқда. Ижтимоий муҳандислик, қармоқ ташлаш, фойдаланувчиларга йўналтириш бериш каби фойдаланувчиларни алдашга қаратилган мақсадли усуллар орқали ишга киришмоқдалар. Компанияларнинг чегараси деярли йўқолди. 

Пандемия илгари фойдаланилмаган кўплаб технология воситаларини кундалик ҳаётимизга киритди. Кўргазмада, айниқса, тиббиёт соҳаси янги технологиялари эътибор марказида бўлди.