Ҳар йили Европада кўҳна қитъа давлатлари олий дивизионида ўйнайдиган 21 ёшдан ошмаган энг яхши футболчи учун Golden Boy мукофоти берилади. Куни кеча Tuttosport нашри Golden Boy-2022 соврини учун даъвогарларнинг қисқартирилган рўйхатини эълон қилди.

Бу рўйхатдан Карим Адейеми, Жуд Беллингем (иккиси ҳам – “Боруссия” Дортмунд), Эдуардо Камавинга (“Реал”), Педри, Ансу Фати, Гави (барчаси – “Барселона”), Карни Чуквуэмека (“Челси”), Харви Эллиотт (“Ливерпуль”), Юго Экитик, Нуну Мендеш (иккиси ҳам – ПСЖ), Энтони Эланга (“Манчестер Юнайтед”), Райан Гравенберх, Жамал Мусиала (иккиси ҳам – “Бавария”) каби ўйинчилар ўрин олган.

Golden Boy соврини 2003 йили Tuttosport газетаси бош муҳаррири томонидан таъсис этилган. Ўша йили мукофот “Аякс” футболчиси Ван дер Вартга топширилган. Бугунги жаҳон футболи юлдузлари Уэйн Руни, Лионель Месси, Сеск Фабрегас, Серхио Агуэро, Пол Погба, Рахим Стерлинг, Клиан Мбаппе ҳам турли йилларда мазкур мукофот совриндори бўлишган.

Ўтган мавсум эса ушбу соврин “Барселона” яримҳимоячиси Педрига насиб қилган эди.