Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ташаббуси билан Ўзбекистон кураш ҳамда белбоғли кураш федерациялари ҳамкорлигида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилган мусобақа 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланди.
Турнирда ҳар иккала спорт тури бўйича эркаклар -55, -66, -73, -90, -100, +100 ҳамда мутлоқ вазн тоифаларида куч синашган бўлса, аёллар -48, -52, -63 кг. вазн тоифаларида беллашди.
400 га яқин полвон иштирок этган мусобақада ҳар бир вазн тоифасида кучли учликдан жой олган полвонлар турнир ташкилотчилари томонидан пул мукофотлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Мутлоқ вазн тоифаларида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган кураш бўйича Яҳё Имомов ҳамда белбоғли кураш бўйича Нодир Аҳатжоновга бош соврин – “Дамас” автомобили топширилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Жиззах вилояти прокурори Исломжон Эргашхўжаев, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси бош котиби Абдихалил Маликов иштирок этди.
Илҳом РАҲМОНОВ