Биз яшаётган замонавий дунёни илғор технологик лойиҳалар, ғоявий ишланмаларсиз тасаввур этиш қийин. Барча соҳаларда енгиллик, қулайлик яратаётган инновацияларга бугун жаҳоннинг аксарият давлатида, ҳатто, энг катта бойлик сифатида қаралмоқда.

Туб моҳияти “янгиланиш, янгича ёндашув” маъносини англатувчи инновация бевосита фан-техника ютуқларини акс эттиради. Янги ғоя, ишланмалар эса турли хилдаги ихтироларни яратишга йўл очади. Мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларига инновацион ёндашув, яратувчанлик руҳини олиб кириш давлат сиёсатининг пировард мақсадига айланиб бормоқда.

Бу жараёнда эса лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этадиган, замонавий технологияларни яратишни рағбатлантирадиган марказлар, хусусан, инновацион бизнес инкубаторлар фаолияти муҳим рол ўйнайди. Президентимиз жорий йил 20 август куни Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очик мулоқотда ишбилармонлар ўз фаолиятида инновация ва илғор ёндашувларни кенг жорий этиши, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб қилиш ҳақида гапирар экан, Ўзбекистонда бизнес инкубаторни жорий қилиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Бизнес инкубатор ҳаётимизга замонавий тушунча сифатида кириб келган бўлсада, у жаҳонда XX асрнинг 60-80 йилларида кичик ва ўрта бизнес юритиш малакалари ва тадбиркорлик маданиятини тарбиялаш билан шуғулланадиган ихтисослашган муассаса тарзида пайдо бўлган. 1985 йилга келиб жаҳонда 70 га яқин бизнес инкубатор мавжуд бўлган бўлса, 1992 йилда уларнинг сони 472 тага, 1995 йилларда 1100 тага етди.  Ҳозир эса дунё бўйича 2000 дан ортиқ йирик бизнес инкубаторлар иш олиб боради. Улар инновацион марказлар, технополлар, технопарклар, илмий парклар ва хоказо кўринишида фаолият юритади.

Бизнес инкубатор, деганда ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини ғоядан бошлаб тижоратлаштиришгача қўллаб-қувватлайдиган жараён тушунилади. Яъни, бу тизим асосан, хўжалик юритувчи субъектларга дастлабки фаолиятида бозор иқтисодиёти бўйича зарур билимларни ўргатиш, бизнес режа тузиш, маблағлар топиш, халқаро грантлар олишда кўмаклашиш, тадбиркорлик ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш ва жорий этиш, шунингдек, кичик ва ўрта корхоналарга менежмент ва маркетинг хизматлари кўрсатиш каби вазифаларни бажаради. Кўпгина мамлакатларда инкубация дастурлари минтақавий ёки миллий ҳукуматлар томонидан молиялаштирилади.

Юртимизда биринчи бизнес инкубатор 1995 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИДО ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда бизнес инкубаторлар тармоғини шакллантириш ва ривожлантириш” лойиҳаси асосида ташкил этилган. Аммо ушбу фаолият яқин вақтгача айтарли даражада ривожлантирилмади.

Мамлакатимизда замонавий фаолият турлари, йўналишлар, хусусан, бизнес инкубаторлар сўнгги йиллардагина ривожлана бошлади. Бирин-кетин инновация марказлари, технопарклар иш бошлади. Уларда иқтидорли ёшлар бирлашиб, тегишли ташкилотлар кўмагида ўз ғоя, ишланмаларини ҳаётга тадбиқ этиб келмоқда.

Хусусан, 2019 йил 1 мартда Жиззах шаҳрида лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги қошида иш бошлаган бизнес инкубатор ёш тадбиркорларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини тўғри йўналтириб, уларга молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Фарғона вилоятида 2020 йил июнь ойида ташаббускор ёшларнинг ғоя ва ишланмаларини ихтироларга айлантиришга кўмаклашиш мақсадида “Лойиҳалар фабрикаси” фаолияти йўлга қўйилди. Сирдарё вилоятида эса “Бизнес акселератор” ўз ишини бошлади. Келгусида Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа барча вилоятларда (шаҳарлар) ҳам шунга ўхшаш ёш ғоячилар учун бизнес инкубаторлар, лойиҳалар фабрикаларини ташкил этиш назарда тутилган.

Япониялик олимлар билан ҳамкорлик

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 19 сентябрдаги “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузурида Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада ташланган фаол қадамлардан яна бири саналади. Япония билан илм-фан, инновацион технологияларни ривожлантириш ва бошқа масалаларда йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази бугунги кунда бир қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ёш мутахассислар ва талабаларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг илмий ва техникавий ғояларини саноат намуналари, ускуналар, технологик жараёнлар ва ечимларда мужассамлаштириш, ёш олимларнинг илмий тадқиқот фаолиятини амалга оширишлари учун максимал даражада қўлай шарт-шароитларни шакллантириш, улар томонидан ўтказиладиган тадқиқот ишларининг юқори даражада сифатли бўлишини таъминлаш, инновацион фаолият натижаларининг трансфери ва тижоратлаштирилиши, стартап лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш шулар жумласидандир.

Сўнгги йилларда марказ дунё илмий ҳамжамиятига қўшилиш йўлида қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Пандемия шароити сабаб тегишли илмий йўналишлар бўйича маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, илмий ва таълим муассасаларидан келиб тушадиган буюртмалар асосида қўшма экспериментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида муҳим учрашувлар ва музокаралар онлайн тарзда ўтказилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июль, август ойларида Япониянинг Кюшу университети олимлари иштирокида экологик омилларни ҳисобга олган ҳолда юқори самарали қазиб олиш технологиясини яратиш лойиҳаси юзасидан онлайн музокара бўлиб ўтди. Музокара доирасида ушбу қўшма тадқиқотларда иштирок этиш учун мамлакатимиз ёш олимлари, магистрлар,  талабалар ҳамда Навоий кон-металлургия комбинати ДК муҳандис олимларидан иборат жамоани ўзаро тажриба алмашиш учун Японияга юбориш бўйича англашув меморандуми имзоланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, марказ олимлари Кеио университети билан ҳамкорликда Япония фан ва технологиялар агентлиги томонидан эълон қилинган танловда “Ҳавонинг ифлосланишини кўзатиш технологияси” қўшма амалий лойиҳаси билан иштирок этмоқда. Лойиҳа доирасида Кеио университети профессори доктор Окуда дастлабки харитани ўрганиш ва йўл харитасини муҳокама қилиш учун октябрь ойида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриши режалаштирилган.

Бу борадаги ҳамкорлик йилдан йилга фаоллашиб боряпти. Ўтган қисқа вақт давомида юртимизнинг бир қанча иқтидорли ёшлари Япониянинг нуфузли университетларида малака ошириб қайтди. Зеро, Япониянинг илғор илм-фан, технологиялари тажрибаларидан кенг фойдаланиб, ижобий самара берадиган усулларини мамлакатимизни ривожлантириш йўлида қўллаш орқали замонавий инновациялар барқарорлигига, салоҳият жиҳатдан жозибадорликка эришамиз.

Бугун ана шундай тажрибаларни ўз фаолиятида қўллаётган марказ ёшлари сезиларли ютуқларга эришмоқда. Улар орасида марказнинг илмий ходими, автоматик уруғ сепиш мосламаси лойиҳаси муаллифи Музаффар Азизов ҳам бор.

Ёш олим 6- ва 8-киришга эга оптик датчикли сеялка (уруғ, пахта чигити ва маккажўхори экиш ускунаси) контроллери устида иш олиб борган. Лойиҳа мақсади сеялканинг автоматлаштириш даражасини ошириш ҳамда экиш жараёнини оптималлаштиришга қаратилган. Замонавий ускуна уруғларни сепиш жараёнида аниқлик, уларнинг бир хил тақсимланишини таъминлаш ҳисобига экиш сифатини оширади.

Тошкент шаҳридаги “Agregat”АЖ заводи лойиҳа буюртмачиси бўлиб, ҳозирда ташкилот билан қурилмани молиялаштириш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Замонавий ускунаннинг синов тажриба жараёнлари ниҳоясига етгач, уни амалиётга жорий этиш мақсадида ишлаб чиқариш босқичи бошланади.

Биз сўз юритаётган бизнес инкубаторлар ана шундай иқтидорли олимларнинг ғояларини рўёбга чиқармоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизациялаш шароитида бизнес инкубатор ортиқча харажатларнинг шаклланишига йўл қўймаслик ва ҳавф-ҳатардан эҳтиёткор бўлишнинг бизнес учун долзарб эканлигини кўрсатади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда бизнес инкубатор муҳитини яхшилаш учун бир қатор молиявий чора-тадбирлар амалга оширилаётгани боиси ҳам шундан. Жумладан, юртимизда бизнес инкубаторни ўқитиш орқали инновацион бизнес инкубаторларни рағбатлантиришга жалб этилган ёш тадбиркорлар ўз малакаларини оширадилар. Улар Ўзбекистон Республикаси қонунлари, қарорлари, фармойишлари, тегишли вазирлик қонун ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва бошқа иқтисодий, ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда компъютер ускуналари ва дастурлари билан ишлашни ўрганадилар.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бизнес инкубатор тизимининг илғор хориж тажрибасида ижобий самара берган усулларини қўллаш орқали илм-фан ва инновацион технологиялар салоҳиятидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, бизнес инкубатор фаолиятининг самарали тизимини ривожлантириш учун аниқ меъёрий ҳужжат (концепсия) ёки қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Бизнес инкубаторнинг ҳалқаро стандартларини амалиётга жорий этиш эса товарлар ва хизматлар сифати, хорижий инвестициялар сонининг ошиши ва бу орқали бозорда соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши, энг муҳими, мамлакат иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

Шодиёр НАРЗУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази 

 бўлим бошлиғи