—  Касалликнинг олдини олишда танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода юриш, ўз вақтида овқатланиш алоҳида аҳамиятга эга.

Совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта бош кийим кийиш, оёқларни иссиқ бўлиши муҳимдир. Касаллик авж олган пайтда, айниқса, бугунгидек касаллик коронавирус пандемияси фонида кечаётган вазиятда барча фуқароларимизга ниқоб тақиш тавсия этилади.

Ўзингиз ва атрофдагилар соғлом бўлишини хоҳласангиз, грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилинса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг ва доимо қуйидагиларга амал қилинг:

Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) билан оғриган барча беморлар иситма даврида, албатта, ётиши ва шифокорни уйига чақириши;

Касалликни оёқда ўтказмаслик;

Шифокор маслаҳатлари ва тавсиялари асосида иш тутиш;

Агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратилиб, кам ҳаракат қилиш;

Беморга қараётганлар бурун ва оғизларини респиратор ёки докали ниқоб билан тўсишлари ва қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришлари;

Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, намли тозалов ишларини амалга ошириш;

Йўталганда ва аксирганда оғиз-бурнинни рўмолча билан ёпинг.

Беморлар кўпроқ суюқлик — қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатларини ичириш ҳамда осон ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиниши тавсия этилади.

Ўзбошимчалик билан даволаниш касалликнинг оғир асоратларга олиб келишини унутмаслик керак.

Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик.