Шу юртда бир ошиён борки унинг боғу-роғи анвойи гуллардан гилам тўшалган барқутдек ловуллайди. Гулларга бурканган, гуллар билан безанган Наманган бу йил ҳам 63-бор барчани ҳайратга чорлашга тайёр.

Кунлар-кунларни қувиб бизни тобора анъанавий “Гуллар байрами”га  яқинлаштирмоқда. Мана 63 йилдирки мазкур байрам ўз аҳамиятини йўқотмай анъаналарига содиқ қолган ҳолда нишонлаб келинмоқда. Марказий Осиёдаги энг нуфузли байрамлардан бирига айланиб улгурган мазкур фестивал 19-майдан бошланиб, 23-июнга қадар давом этади.     

Қириқ кун давом этадиган мазкур фетивалда юртимиз ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган моҳир гулчилар, икебана санъати усталари, ландшафт дизайнерлари гулчилик борасидаги маҳоратини намойиш этади. Бу уларга маҳаллий ва халқаро компанияларга ўзларини танитиш имконини беради.

Ҳозирда, Наманган шаҳрида тайёргарлик ишлари қизғин тус олган. Фестивал бўлиб ўтадиган асосий майдонлар – Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғи, “Адиблар хиёбони”, “Афсоналар водийси” тематик парки ҳамда “Янги Ўзбекистон боғи” янгича усулда тайёрланмоқда. Шаҳримизнинг марказий кўчалари ва хиёбонларига 50 хилдан ортиқ турдаги 40 миллион тупдан зиёд гул кўчатлари ўтқазилиб, улар санъат асарига айланган.

Ҳар бир гулнинг ўз ҳикояси бор. Фестивал бўлиб ўтадиган асосий майдонларда туман ва ташкилот, корхона, муассасалар ўзларига ажратилган жойларга ҳудудлари ва тизим ҳаётини ифодаловчи табиий гуллардан композисия ва декорациялар яратишган.

Гуллар фестивали Наманганнинг “ташриф қоғозига” айланган. Шу боис, шаҳарга ҳозирданоқ маҳаллий ва хорижий туристлар оқими келиши бошланди. Шу ўринда фестивални юқори суратларда ўтказишда ўз ҳиссаларини қўшаётган ободонлаштириш ходимларининг фидойилигини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки, апрел ойидан буён улар ушбу фестивалга тайёргарликни бошлаб юборган. Улар томонидан ерларга ишлов бериш, буталарга шакл бериш ишлари олиб борилмоқда.

-  Мен 2000-йилдан буён ушбу ташкилотда фаолият олиб бораман, - дейди Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси гулхона бўлими бошлиғи Саодатхон Усмонова. – Охирги 5-6 йилдан бери гуллар байрами юқори даражада ўтмоқда. Буни байрам ўтказиладиган кунларнинг ортиб бориши ва ташриф буюрадиганлар сонидан ҳам билиш мумкин. Ҳар йили гулларни безатишда турлича ландшафт дизайнига ёндошилади. Ўтган йили гуллардан ишланган нақшларга эътибор берилган бўлса, бу йил тўлқинсимон, жилғалар, денгиз ва дарёларни мавж эттиради. 

Гуллар фестивали доирасида вилоят иқтисодиётининг юксалиши, туристик соҳани ривожланишига ва бу орқали тегишли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг даромадлари ҳам ошаётганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, нафақат агротуризм, экотуризм, тиббиёт туризми, шоппинг туризм, гастротуризм ва МИCЕ туризм ҳам ривожланаётгани, вилоятимизнинг моддий-номоддий маданий мерос объектларига сайёҳлар қизиқиши кучаяётгани сир эмас.

Вилоятда сервис хизматлари мақтанадиган ҳолда эмасди. Беш-олти йил бурун Наманган шаҳрида атиги тўрт-бешта меҳмонхона мавжуд эди. Ҳозир уларнинг сони 25 тадан ортди. Яна 50 дан ортиқ оилавий меҳмонхона уйлари сайёҳларни қабул қилишга шай. Шаҳарга чегарадош туманлардаги меҳмонхоналарни ҳам қўшганда бир ойда 150 минг нафардан зиёд кишини сиғдириш қувватига эга. Ишонасизми, аксарият чет элликлар масофадан туриб, аввалдан меҳмонхоналарни банд этишмоқда.Ўтган йили 6 миллиондан ортиқ меҳмонлар кутиб олинган бўлса, шулардан 100 мингга яқини АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 30 дан ортиқ хорижий давлатлардан келган сайёҳлар ташкил этган. Бу йил эса 7 миллиондан ортиқ меҳмонлар келиши, улардан 300 минг нафари хорижий сайёҳлар ташкил этиши кутилмоқда.

Бу йилги фестивалда турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ва бошқа қизиқарли шоу дастурлари намойиш этилиши кўзда тутилган. Ҳар оқшом гала консерт, мушакбозлик, лазер ҳамда дрон шоулар ўтказилади. Шунингдек, фестивал доирасида Бобораҳим Машраб ижодига бағишлаб ғазалхонлик кечалари, Камолиддин Раҳимов ижодига бағишланган санъат чиқишлари намойиш этилади. Фестивал давомида ёшларни билим даражасини синаш учун турли интеллектуал ўйинлар, мушоиралар, спорт мусобақалари, икебана ва гулдаста усталари беллашуви ва бошқа кўплаб кўрик-танловлар ўтказилади. Шунингдек, 10 га яқин халқаро форум ва илмий-амалий конференсиялар бўлиб ўтади.  Болалар учун алоҳида цирк, консерт, аниматорлар чиқиши бўлади.

Байрам баҳона гуллар эгзотикасидан баҳраманд бўлиш асносида ҳунармандларнинг ижодий асарларидан ҳам баҳраманд бўлиш мумкин. Айниқса наманганлик рассомлар кишини завқини оширувчи ажойиб ранг тасвир ишлари билан байрамга алоҳида тараддуд кўрмоқдалар.

-  Фестивал кейинг йилларда шу даражада қамровини кенгайтирдику, қисқа давр ичида шу дражага эришиши бизларни ҳаёлимизга ҳам келмаганди, дейди вилоят ҳунармандлар уюшмаси раҳбари Зоҳиджон Валиев. – Бу фестивал нафақат гул, гулчилар ва гул ишқибозлар байрами, шунингдек, санъат байрами ҳам. Шундай файзли кунларга ой-ойлаб оиласи, шогирдлари билан янги маҳсулотларни, янги асарларини жону-дили билан тайёрлаб олиб келадиган ҳунармандларни ҳам байрами. Шу биргина халқаро фестивалнинг ўзидагина наманганлик ҳунармандлардан ташқари юртимизнинг юзга яқин ижодкор қўли гул усталари кўплаб ижодий ишлари билан қатнашадилар. Қувонарлиси бу йирик даражадаги тадбирда улар оддий иштирокчигина эмас яхшигина тадбиркор сифатида ҳам мўмай даромадларни қилишларига имкон бу.

Ғолиблар бу йил ҳам турли номинациялар бўйича аниқланиб, вилоят ҳокимининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади. Фестивал 19-май куни соат 10.00да “Наманган халқаро аеропорти”дан 200 дан ортиқ анвойи гуллар билан безатилган автокарвон юриши билан бошланади.

Барчангизни “Гуллар байрами”га чорлаб қоламиз.                     

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

Аҳрор ЗОКИРОВ,

Наманган шаҳри