Гулибонум Кебайтули, Пекин шаҳридаги Хитой миллатлар университетининг Марказий Осиё давлатлари тиллари кафедраси ўқитувчиси:
— 9 февраль - шеърият ихлосмандлари ва мутахассислари учун қутлуғ кун. Биз буюк шоир ва мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигини нишонламоқдамиз.
Маълумки, Алишер Навоий яратган ноёб асарлар, ғазаллар ва бошқа жанрлардаги ижод намуналари дунёнинг кўплаб халқлари тилларига таржима қилинган. Улар ҳамиша севиб мутолаа қилинади.
Алишер Навоийнинг ижодий мероси улкан ва серқирра бўлиб, у 30 га яқин йирик асарни - шеърий тўпламлар, достонлар, фалсафий ва илмий рисолаларни ўз ичига олади. Алишер Навоий Марказий Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг кўп асрлик маданий анъаналаридан илҳомланган ва ўзига хос асарларни яратган.
Шоир ўз шеърларида инсон қадри, одамлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат, яхшилик ва меҳнатсеварлик каби туйғу ва хислатларни улуғлагани билан ҳам катта эҳтиромга сазовордир.
Шуни мамнуният ва фахр билан айтишим керакки, биз Хитой олий билим юртларида буюк ўзбек шоирининг асарларини катта қизиқиш билан ўрганиб келмоқдамиз.