Ўрта Осиё, Шарқий Сибир, Узоқ Шарқ, АҚШ ва Европа давлатларида кенг тарқалган малина ўсимлиги республикамизда ҳам ўстирилади. Мамлакатимизда унинг «Барнаул», «Вислуха», «Прогресс», «Малборо» навлари экилади.

Аслида, малинанинг 120 га яқин ёввойи турлари мавжуд. Аммо унинг маданий — оддий, қизил, дағал тукли ёки Америка малинаси, ғарбий ёки маймунжонсимон навларигина томорқаларда етиштирилади.

Ўсимлик илдиз бачкилари, илдизи ва қаламчаларидан кўпайтирилади. Тез ҳосилга кирувчи малинанинг қаламчаси экилгач, иккинчи йили мева тугади. Учинчи йилда эса, серҳосил бўлади. Республикамизда у сим бағазларга кўтариб ўстирилади. Ҳосили йиғиб олингач, бир йиллик новдалари қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Уни сернам, сувни яхши ўтказадиган, ер ости сувлари камида 1,5 метр чуқурликда бўлган ерларга экиш тавсия этилади. Ёз мавсумида унинг қатор оралари юмшатилади, 10-12 марта суғорилади.

Эътиборлиси, малина йилда икки марта гуллаб, ҳосил беради. Биринчи ҳосилда у май ойининг охири, июннинг бошларида териб олинади. Иккинчи маротаба август ойининг кейинги ярмида мева тугади. Малинани эрталаб ёки куннинг иккинчи ярмида, ҳарорат пасайгандан сўнг териб олиш керак.

Инсон саломатлигига фойдалилиги жиҳатидан малина чемпион мевалардан ҳисобланади. Унинг таркибида Б ва C витаминлари мавжуд. Доривор сифатида унинг мевалари ва баргларидан фойдаланилади. Шамоллаш, грипп касалликларини енгишда, иситмани туширишда унинг фойдасини алоҳида эътироф этилади. Шунингдек, у инсоннинг иммун тизимини мустаҳкамлайди, организмнинг инфекцияларга қарши курашувчанлигини оширади.

Малина томирлардаги қоннинг ивувчанлигини меъёрлаштириб, тромб ҳосил бўлишининг олдини олади. Дарвоқе, унинг меваси ва баргларидан тайёрланган дамламалар бавосир, юқори қон босими касалликларига шифо бўлади.

Унинг қуритилган гулидан олинадиган дамламаси илон ва чаён чаққанда қўлланилади.

Ушбу доривор ўсимлик беморларнинг саломатлигини яхшилашда беминнат кўмакчи бўлсада, унинг ўзи ҳам касалликка чалиниб туради. Малинанинг оқ доғланиш, вилт ва бошқа касалликлари мавжуд. Қўнғизлар, баргхўрлар, шиллиқурт, ўргимчаккана, қалқондорлар унинг асосий зараркунандари ҳисобланади. Ўз вақтида агротехник тадбирларнинг ўтказилиши ва мутахассислар тавсия этган муолажаларни қўллаш малина дарахтини сақлаб қолади.

Малинани вақтида буталаб, эътибор билан парвариш қилинса, у 10-12 ва ундан ҳам кўпроқ йиллар ҳосили билан сийлайди. Бу ҳақда Agro Inform расмий телеграм канали маълумот бермоқда.