Ушбу топшириққа биноан 9 та тиббиёт муассасаси, яъни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, кардиология ва эндокринология диспансерлари, кўз касалликлари шифохонаси, диагностика маркази, қон қуйиш станцияси, суд тиббий экспертиза бюроси, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ягона бошқарув асосида бошқарилиши белгиланди.

Куни кеча вилоятга Қурилиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Ўзтиблойиҳа” МЧЖ, архитектура бошқармаси, Ягона буюртмачи инженеринг компанияси вилоят бўлими вакиллари ҳамда Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаларининг умумий иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарларидан иборат бўлган лойиҳачилар гуруҳи ташриф буюриб, барпо этилиши кўзда тутилган “Гулистон тиббиёт кластери” биноси лойиҳасини муҳокама қилишди.

Лойиҳага кўра, мавжуд қурилиши кўзда тутилган бино 6 қаватдан иборат бўлиб, 580 ўринга мўлжалланади. Бунда барча бўлимлар, диагностика ва лаборатория текширувлар марказлашиб, битта бино ичида жойлашади. Бошқарув тизими такомиллашиб, штат бирликлари мақбуллаштирилади. Бу орқали тиббиётда инновация ва биотехнология ишлари учун йўл очилади. Қолаверса, тиббий ёрдамни ташкил этишнинг учинчи даражали модели яратилиб, эндоваскуляр хирургия, кардиохирургия, трансплантация хизматлари кенг йўлга қўйилади.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати