Фурқат Тошматов олган суратлар
— Муассасанинг эски биноси 1963 йиллар атрофида қурилган бўлиб, яроқсиз ҳолга келиб қолганди, — дейди 3-сонли давлат мактабгача таълим муассаса мудираси Дурдона Бозорбоева. — Муассаса биноси манзилли дастурга киритилиши эски бинонинг бузиб, унинг ўрнида янги, замонавий, икки қаватли бино қурилишига олиб келди. Бунинг учун давлат бюджетидан 4 миллиард 170 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бекобод туманида жойлашган, Фурқат Отақузиев раҳбарлигидаги «Лайло, Диёрбек» масъулияти чекланган жамият қурувчилари қисқа фурсатларда муассаса биносини қуриб, фойдаланишга топширди.

Эски ва бутунлай яроқсиз холга келган бинода авваллари 90 нафар бола тарбияланган бўлса, янги, замонавий бинода 150 нафар болажонлар тарбияланади. Улар учун бу ерда барча шарт-шароит бор. Бежирим ва чиройли жиҳозлар эса Мактабгача таълим вазирлиги томонидан берилган. Тадбирлар зали, ўйинлар хонаси, тўгараклар учун хоналар, мўъжаз ҳовлисида эса чўмилиш ҳовузчаси, ёзги шийпончалар мавжуд.
Болажонлар 5 гуруҳга ажратилади, уларга муассасанинг малакали 30 нафар педагог ходимлари, яъни тарбиячи, психолог, дефектолог ва бошқа мутахассислар рус, инглиз тили, шахмат, шашка, расм чизиш, бадиий гимнастика турлари бўйича сабоқ беради.
Ғулом Примов.