“Машҳур-Голд дренхоус” хусусий корхонаси оҳак ва оҳақ тошидан кальций карбонат пардоз ғишти ва йўлак плиталари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Ишлаб чиқарилиши режалаштирилган карбонатланган ғишт мустаҳкамлиги (300-500 маркали), ўта силлиқлиги, қайта ишлашни талаб қилмаслиги, иссиқ-совуққа чидамлилиги ва ғоятда бежиримлиги билан жаҳон стандарти талабларига тўла жавоб беради.  Энг асосийси, бу маҳсулотлар асосан экспортга чиқарилади.

Шунингдек, туманда инновацион усулда декоратив мебеллар ва сувенирлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда. Ушбу лойиҳа асосида замонавий технологиялар асосида 3D кўринишдаги  декорация ва табиий буюмларни уйғунлаштирган ҳолда янгича кўринишдаги маҳсулотлар яратилади.

Ҳозирда вилоятга хорижлик сайёҳлар оқими тобора ошиб бораётгани инобатга олиниб, мазкур лойиҳа асосида сайёҳлар учун янги йўналишда миллий ва декоратив кўринишдаги сувенирларни ишлаб чиқариш назарда тутилган. Бунда янги технологияларга асосланган ҳолда қўл меҳнати орқали  майда детеллардан ҳайратланарли санъат асарлари яратиш имконияти бор.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ушбу иккита стартап лойиҳанинг молиялаштирилишга қарор қилингани қисқа муддатда туманнинг экспорт салоҳиятини бир неча марта оширади.

                                                    Рўзимбой Ҳасан,

                                                 “Янги Ўзбекистон” мухбири