Гидрометеорология хизмати марказининг хабар беришича, бугун кундуз куни Ўзбекистон бўйича Волга бўйи ҳудудларидан кириб келган совуқ антитциклон натижасида 23-28° атрофида бўлган ҳарорат билан нисбатан салқин об-ҳаво сақланиб туради.
Баъзи жойларда шамол 15-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг тўзонлар кузатилиши мумкин. Республика бўйича қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятларида ва республиканинг тоғли ҳудудларида бироз ёмғир ёғади, баланд тоғларда баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши мумкин.
Республика бўйича 13 сентябрда кечаси ва эрталаб совуқ антитциклон таъсири сақланиб туради, ҳаво ҳарорати 10-13° ни ташкил этади. Кундузи антитциклон республикамиз ҳудудидан чекиниши бошлайди ва ҳаво 28-30° гача исийди.
14 сентябрдан ва иш ҳафтасининг охиригача республика бўйича асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечалари ҳаво ҳарорати 12-17°, кундуз кунлари 29-34° атрофида бўлади.