Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, зиёратчилар истиқомат қилиши режалаштирилган Мадина шаҳридаги “Zam-zam Pullman”, Макка шаҳридаги “Roshidiya”, “Abraj al-Dana”, “Laba Darna”, “Ruba al-Hijaz” меҳмонхоналари атрофлича кўздан кечирилмоқда.
Ҳар бир хонада ётоқ чойшабларининг озодалиги, ювиниш хонасидаги шароитлар, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганлигига алоҳида эътибор қилинди.
Шунингдек, ошхонадаги стол-стуллар, овқат тарқатиш жойлари ва тиббий бўлимдаги ўринлар сони, жиҳозлар ҳолати, дори-дармон сақлаш омбори ҳамда зиёратчилар учун хизматлар сифатини янада оширишга катта диққат қилинди. Бундан ташқари, зиёратчиларга йўл-йўриқ кўрсатувчи белгилар фойелар, коридорлар, қаватлар ва лифтларга ўрнатилди.
"Ишчи гуруҳи тайёгарлик ишларини зиёратчиларимизнинг илк гуруҳи муборак заминга етиб боргунга қадар давом эттиради. Мақсадимиз юртдошларимиз шинам шароитларда ҳаж амалларини ихлос ила адо этиб, она-Ватан ва фарзанду аржумандлар бағрига эсон-омон олиб келишдир", дейилади хабарда.