Бу ҳақида 23 июнь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда маълумот берилди.
Тузилма Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари доирасида ташкил қилинган. Унинг асосий вазифаси ҳар қандай ташкилий ҳуқуқий шаклдаги тадбиркорлик субъектлари ўртасида мавжуд бўлган шартномавий муносабатлар давомида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчилик, ихтилоф ва низоларни адолат тамойили асосида холисона кўриб чиқиш ва узоқ муддатли судлашувларнинг олдини олиш орқали ишларни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва бу орқали ҳозирги интеграция жараёнида рақобат ва эркин бозор тизимида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун энг қиммат ресурс ҳисобланган “вақт”и ҳамда маблағини тежаш орқали қонунга бўйсунувчи, ҳалол тадбиркорлар манфаатларини ифода этиш ва бу орқали мамлакатимиз иқтисодий равнақига ўз ҳиссасини қўшиш ҳисобланади.
— Ассамблея ҳузурида Суд тизимидан ташқари бевосита ҳуқуқий хизматлар кўрсатишга мўлжалланган тажрибали ҳуқуқшунослардан иборат “Yurinform” консалтинг маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган, — дейди Иқтисодиёт Ассамблеяси раиси Мухтор Умаров. — Платформа тадбиркорлик субъектларига доимий равишда кенг қамровли амалий ҳуқуқий хизматлар орқали бизнес вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга кўмаклашади.
Ҳуқуқий консалтинг маркази қуйидаги бир қатор йўналишлар бўйича тезкор, сифатли ва амалий ҳуқуқий хизматлар кўрсатади:
- корхона таъсис ҳужжатлари, ички меъёрий ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
- лицензия ва бошқа тусдаги рухсат берувчи ҳужжатларни тўплаш, тайёрлаш ва рўйхатдан ўтказиш учун топшириш;
- экспорт ва импорт контрактлар ишлаб чиқиш;
- инвестицион фаолият билан боғлиқ масалалар;
- интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
- шартномалар ишлаб чиқиш;
- дебитор қарздорликларни суд орқали ундириш;
- тадбиркорлик субъектлари манфаатларини судларда ҳимоя қилиш;
- меҳнат қонунчилиги бўйича амалий ишлар;
- корхонангиз фаолият туридан келиб чиқиб, турли ҳил ҳужжатлар ишлаб чиқиш;
- тадбиркорлик фаолиятини тизимли ташкил этишда меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги талабларини ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш ва бошқалар.
Тадбир якунида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Иқтисодиёт Ассамблеяси билан ҳамкорлик олиб борган ОАВ вакилларини тақдирлаш маросим ўтказилди.