Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва корхона жамоасини яқинлашаётган Мустақиллик байрами билан қутлади. Энг фаол ходимларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.
Умумий лойиҳа қиймати 7,2 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу “Fibra kabel” корхонаси тадбиркор Алишер Ғофуровнинг ўз маблағлари ҳамда хорижий кредит ҳисобига ташкил этилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга тушиши натижасида энди корхонада 45 турдаги болалар ўйинчоқлари билан бирга мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган 7 та русумдаги автомобилларга металлдан 50 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар, капот ва қанотлар ишлаб чиқарилади.
Корхонада бугунги кунда 300 нафар ишчи ва ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Шундан 250 нафари ёшлар.
Корхона томонидан йилига 7,8 млн. долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Россия Федерацияси, Қозоғистон ва МДҲ давлатларига экспорт килинади. Йилига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг камида 30 фоизи — 2,5 млн. долларлик қисми экспортга йўналтирилади.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири