Ота-онасининг мавқеи, мол-мулкидан қатъи назар, ўқишдан бўш вақтда ишлаш, талабалик пайтиданоқ ҳалол пул топиш кўникмасини шакллантириш ривожланган давлатларда оддий ҳолат саналади. Бундан кўзланган дастлабки муддао жамоавий меҳнатга мослашиш, соҳаси бўйича тажриба орттиришга қаратилади. Мамлакатимизда ҳам бу одат мавжуд эди. Бироқ талабаларнинг расмий давлат идораларида ишлаши кам кузатилар, аксари савдо-сотиқ, ёлланма ишчилик билан шуғулланарди. Президентимиз раислигида шу йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу масаланинг ижтимоий аҳамиятини очиб берувчи муҳим калит вазифасини ўтади. Чунки мамлакатимизда кўплаб соҳаларга ёш мутахассисларни жалб қилиш зарурати мавжуд. Амалиёт билан мунтазам машғул бўлган талаба ўқишни тугатгунича тайёр кадр сифатида шаклланишга улгуради.
Фарғона давлат университетида талабаларни иш билан таъминлаш бўйича намунали тажриба йўлга қўйилган. Бу борада видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланди. Жумладан, олий таълим муассасасида умумий овқатланиш ва қурилиш корхоналари ташкил этилиб, уларда 125 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланган. 18 нафар талаба адрас, миллий кийимлар, кулоллик цехлари, доривор ўсимликлардан шифобахш дамламалар тайёрлаш билан машғул. Бундан ташқари, университетнинг Дўстлик, Оқбилол агроучасткалари ва Қувасой шаҳридаги ўқув полигонларида чорвачилик, асаларичилик, гулчилик, анорчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда биогумус етиштириш йўлга қўйилган. Уларда 36 нафар талаба ўқишдан бўш вақтини ижтимоий фойдали меҳнат билан ўтказяпти.
— Бугун севимли иши, қизиққан касби билан шуғулланган, амалиётни таълим билан бирга олиб борган талаба нафақат тажриба оширади, балки ҳаёт синовлари олдида ҳам бардошли шахсга айланади. Дарсдан кейин шошадиган, интиладиган жамоаси, касбдошлари бўлади. Энг муҳими, чўнтагида ҳамиша пули, ҳалол меҳнати билан топган даромади бўлади. Энди ёшлар ишлаш учун тўрт йил диплом кутмайди. Мамлакатимизда мавжуд имкониятлардан бемалол фойдаланади. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудларда юзага келадиган кадрлар тақчиллигига ҳам ечим бўлади, — дейди университет ректори Баҳодир Шермуҳаммадов. — Айни пайтда университетимизда қарийб 28 минг талаба ўқийди. Шундан 50 фоизд ан зиёди кундузги бўлим талабаларидир. Уларнинг ишга жойлашиш ҳолатини ўрганганимизда, 916 талабанинг ишлашга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Бу йигит-қизларнинг 32 нафари “Темир дафтар”, 105 нафари “Ёшлар дафтари”, 8 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. 252 нафарининг отаси ёки онаси йўқ, 37 нафари чин етим. Ҳозир университетимизнинг ўзида 53 талаба дарсдан бўш вақтида ишлаяпти. Улар услубчи, кабинет мудири, лаборант, котиба, мусаҳҳиҳ сифатида фаолият юритмоқда.
Таълим хизматлари кўрсатиш истиқболли йўналишлардан. Қолаверса, талабаларнинг касбий ўсишига ҳам ижобий таъсир этади. Айни пайтда университетнинг тил ўргатиш марказида 12 нафар йигит-қиз инглиз, немис, француз, рус, корейс ва япон тилларидан машғулотлар ўтмоқда. Улар тил ўргатиш асносида билимини мустаҳкамлаб, тингловчилар билан шуғулланиш борасида тажриба тўплайди. Қолаверса, табиий фанлар лаборантлар курсида умумтаълим мактаблари учун биология, кимё ва физика фанларидан лаборант кичик мутахассисини тайёрлаш жараёнида ҳам талабалар иштирок этмоқда.
Ментал арифметика ҳамда математика фанидан миллий сертификат тизимига тайёрлашга ихтисослашган курслар, психологик хизмат маркази ва суд-адабиётшунослик экспертизаси, таржимонлик марказлари, бухгалтерия ҳисоби ўқув курси, дастурлаш инновацион марказига иқтидорли ёшлар жалб этилган.
— Ёшман, куч-ғайратим бор. Университетимиз нуфузини юксалтириш учун ҳозирдан ишлашга бел боғладим. Дарсдан бўш вақтимда олий таълим муассасамизнинг илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлими маркетинг ва интеллектуал мулк сектори мутахассиси сифатида ишлаяпман. Бу ҳам даромад келтиради, ҳам фуқаро сифатида юртимизга нафим тегаётгани ўзимга мамнунлик ҳиссини беряпти, — дейди Ижтимоий-иқтисодиёт факультети 2-курс талабаси Муроджон Мансуров. — Энг муҳими, ўқишни тугатгунча қўлидан иш келадиган тайёр кадр бўлиб шаклланаман. Бу ерда ўрганаётганларим ҳаётимнинг кейинги босқичидаям асқотади.
Университетнинг “Талаба” спорт клубида ташкил этилган футбол, волейбол, баскетбол, бадиий гимнастика ва спорт гимнастикаси, кураш, таэквондо, енгил атлетика, сузиш тўгаракларида 10 нафар талаба мураббий ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2021 йилдан футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи лигасида “Университет” футбол жамоаси иштирок этиб келяпти, жамоа таркибига 20 нафар ёш жалб этилган. Университетда ўтган йили қандолат цехи ташкил этилди. Унда талабаларнинг 5 нафари дарсдан бўш вақтида ширинлик тайёрлаётган бўлса, “ФарДУ т аомлари” унитар корхонасида 10 талаба иш билан банд.
Шу билан бирга, Риштон тумани ҳокимлиги буюртмаси асосида бу йилдан бошлаб “Бадиий кулоллик” марказида рангтасвир, дастгоҳлик ва бадиий кулоллик таълим йўналишларида ўқиётган 120 нафар талаба иш билан таъминланди. Муассаса жамоаси умумий қиймати 400 миллион сўмлик балиқ ҳовузи учун қуёш энергияси асосидаги автоном аэратор ҳамда балиқчилик хўжаликларида маҳсулдорликни оширишга қаратилган комплекс ишлар лойиҳасини бошлаган. Буларда ҳам талабалар фаол иштирок этмоқда.
— Ҳозир университетимизнинг мингдан зиёд 3-4-курс талабаси ўз мутахассислиги бўйича мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида, баркамол авлод марказларида педагогик фаолият билан машғул, — дейди Б.Шермуҳаммадов. — Қолаверса, вилоятдаги давлат ва нодавлат ташкилотлар, университетимиз атрофидаги тадбиркорлик субъектларида ҳам ёшларимиз ўз иш ўринларига эга. Жумладан, 57 нафари банк тизимида, 93 нафари туризм ва меҳмонхона йўналишида, 128 нафари хусусий ўқув курсларида, 28 нафари транспорт хизмати, 294 нафари турли тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш субъектларида меҳнат қилмоқда.
Университет раҳбарияти айни кунларда аҳоли ва тадбиркорларга пулли хизматлар кўрсатиш орқали талабаларга қўшимча даромад олиш имкониятини яратиш, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария йўналишида иссиқхона, боғдорчилик, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, ҳайвонларни эмлаш орқали ёшларга янги иш ўринларини кўпайтириш, ишловчи талабалар учун хорижий тилларни ўргатувчи ҳамда иқтисодий ва бизнес таълим марказлари фаолиятини кенгайтириш режалари устида изланиш олиб бормоқда. Бу режалар рўёбга чиқса, келгусида яна ўнлаб йигит-қиз дарсдан бўш вақтида ишлаш имконига эга бўлади.