Аҳолининг иш билан бандлиги доим долзарб масала бўлиб келган. Аммо одамларнинг турмуш шароити, меҳнатга лаёқатини ошириш учун янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлашнинг ўзи камлик қилади. Бу борада ҳар бир ташкилотда ходимларга муносиб иш шароити яратиш, уларнинг ўз ишини мамнуният билан бажаришига мотивация бериш янада муҳим.

Барча тармоқларда бўлгани каби ушбу йўналишда ҳам мамлакатимизда аниқ, тизимли ишлар зарурлиги бир неча йил олдин яққол кўзга ташланди. Айниқса, юртдошларимизнинг реал пул даромадлари ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда фуқароларнинг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шароитлар яратиш, иш кучи сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Ушбу масалаларнинг бир қисми Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида иш бошлаган янги тузилма зиммасига юклатилди.

Белгиланган 8 та муҳим йўналиш бўйича ўз фаолиятини олиб бораётган Жамоат ишлари жамғармаси ўтган давр мобайнида бу борадаги муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топишда муҳим чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда, аввало, мажбурий меҳнатга, айниқса, болалар меҳнатига барҳам берилди. Ҳар йили ўтказиладиган пахта йиғим-терим даврида ўз ихтиёрига кўра отрядларга бирлашган теримчиларнинг отряд раҳбарларига Жамғарма маблағлари ҳисобидан ойлик маошлари тўлаб бериш йўлга қўйилди.

Сир эмас, авваллари, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа бюджет ташкилоти ходимлари мажбурий тарзда ободонлаштириш, тозалаш, оқлаш ишларига жалб қилинган. Бу каби қийин вазиятнинг ечими сифатида жойларда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилди. Энди бу каби ишларни маҳаллаларда ишсиз сифатида рўйхатга олинган юртдошларимиз ойлик маоши эвазига бажармоқда. “Обод қишлоқ”,”Обод маҳалла” дастурлари асосида ташкил этиладиган қурилиш ва таъмирлаш ишларига ҳам ишсиз, банд бўлмаган аҳоли жалб қилиняпти. Ана шундай жамоат ишлари сабаб юзлаб, минглаб кам таъминланган оилалар ишлик бўлди, давлат ташкилотлари ходимлари эса бошқа ишлар билан эмас, балки ўз вазифалари билан шуғулланяпти.

Жамоат ишлари айниқса, дунёни ларзага келтирган пандемик вазият даврида одамларни меҳнатга жалб қилишнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу вақтда ҳамма йўналишда бўлгани каби Жамғарма фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Ташкилот томонидан амалга оширилаётган мавжуд 8 йўналиш кенгайтирилиб, 12 йўналишга айланди. Ташкил этилган блок-постларда аҳолига моддий ёрдам сифатида тарқатиладиган маҳсулотларни етказишда, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олишда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилди. Шунингдек, эпидемиологик вазият барқарор бўлмагани сабабли хорижга чиқиб кетолмаган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар учун Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига асосан 2021 йил учун Жамоат ишлари жамғармасига 250,0 миллиард сўм маблағ ажратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ана шу маблағлар ҳисобидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан шакллантирилган йиғма буюртмалар асосида 203 705 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга хақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этганлиги учун 148,5 миллиард cўм маблағлар ўрнатилган тартибда тўлаб берилди. Бу рақамлар шунчаки статистик маълумот эмас. Бандлиги таъминланган бир нафар фуқаронинг даромадга эга бўлиши нафақат унинг, балки у орқали оила аъзоларининг ҳам моддий қўллаб-қувватланганини англатади. Ахир, халқимизда “Бекорчидан Худо безор”, деган гап бор. Жамиятга қўшилган, ўз ойлик маошига эга бўлган фуқаролар боқимандалик кайфиятидан чиқарилади. Улар ўзганинг мулкига кўз олайтирмайди, жойларда жиноятчиликнинг олди олинади.

Битта тадбиркор бир нечта кишини ишли қилади

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Темур тузуклари” асарида ёзилишича, “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, масъуллар тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю, лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсинлар”. Ушбу тарихий тизим бугунги замонавий ҳаётда ҳам ўз натижасини бермоқда. Жамоат ишлари жамғармаси бу борада ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзига хос лойиҳани амалга оширмоқда.

Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш ётган ерлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш мақсадида турли миниускуналар, жиҳозлар қулай шартлар асосида фуқароларга ижарага бериляпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 23 та тадбиркорлик субъектига Жамғарма маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 4,5 миллиард сўмлик 861 дона тикув машинаси, дазмол, мотокультуватор, автомобил ювиш шаҳобчаси жиҳозлари ижарага берилди. Натижада “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган ишсиз, банд бўлмаган аҳоли учун республика бўйлаб қарийб 1 400 дан ортиқ иш ўрни яратилди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу асосида Жамоат ишлари жамғармаси ҳам тадбиркорлик субъектлари билан фаол ҳамкорлик йўлини белгилаб олган.

Жойларда маҳаллабай юриб аҳоли муаммолари ўрганилганда, ишсиз, банд бўлмаган фуқароларга ўзлари яшайдиган ҳудудда иш ўрни яратиш кераклиги аниқланди. Шу билан биргаликда, ҳудуддаги тадбиркорларнинг ҳам муаммолари ўрганилди. Банкка бориш, кредит олиш, гаровга қўйиш каби оворагарчиликларнинг олди олинди. Тадбиркор учун энг муҳим бўлган қимматли вақтини тежашга эришилди.

Қисқа қилиб айтганда, Жамоат ишлари жамғармаси тадбиркорлар билан дўст бўлиб ишламоқда. Бизнес вакилига арзон ишчи кучи, қулай ижара шартлари асосида ускуналар тақдим этилмоқда. Шу билан биргаликда, тадбиркор оёққа туриб, ходимлар ўз ишини мукаммал ўзлаштиргунча, жамғарма маблағлари ҳисобидан ойлик маошининг 50 фоизи ҳам тўлаб бериляпти.

Бандлик масаласи ҳақида гап кетганда ёшлар бандлиги ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Йигит-қизлар бандлигини таъминлашда натижага эришиш қатор ташкилотлар, давлат идораларидан ҳамкорликда иш юритишни талаб этади. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2021 йил 3 мартда қўшма қарор имзоланди. Бунга асосан худудий бошқармаларга 5 тадан 70 та, шаҳар, туман бўлимларига 3 тадан 618 та жамоатчи ёрдамчилар бириктирилди. Умумий ҳисобда 700 га яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди ва ойлик маошлари молиялаштириб берилмоқда.

Бу ёшлар ўзлари каби қанчадан-қанча йигит-қизларнинг ишга жойлаштирилиши, субсидиялар ажратилиши, тўгаракларга жалб қилинишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Биргина Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 38 611 нафар ёшлар истиқомат қилади. Туманда 229 нафардан ортиқ ишсиз йигит-қизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган тикувчилик, бухгалтерия, компъютер саводхонлиги каби касб-ҳунарларга жалб қилиш, ўқишни тамомлаб махсус сертификатлар олишида ушбу ёшлар яқиндан кўмакчи бўлмоқда.

Бугун Жамоат ишлари жамғармаси томонидан амалга оширилаётган ишларга нафақат тегишли мутасаддилар, балки халқаро экспертлар ва ташкилотлар ҳам жалб этилмоқда. Хусусан, 2020 йил 26 майдан 22 октябрга қадар ўтказилган “Ўзбекистон Республикасидаги Жамоат ишлари дастури ўзини-ўзи баҳолаш” мавзусидаги вебинарда Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари Рамирро Пизарро, Майкель Льюи-Ки-Сонг, Крис Донжерс, Йимон Дазерн, Ясмина Папа ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Жаҳон банки экспертлари томонидан жамғарма фаолияти ўрганилиб, 2021 йил 12 мартда Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси, ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассис Марина Новикова томонидан “Ўзбекистон фуқароларинининг кризисга жавоби” мавзусида тақдимот тайёрланиб, тегишли ташкилотларга тақдим қилинди.

2021 йилнинг 23 март кунидан бошлаб эса халқаро экспертлар — Америка Ғазначилик департаменти эксперти Сета Вандергрифт, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти эксперти Жон Блондал, Европа иттифоқининг Давлат молиявий  тизимини бошқариш бўйича эксперти Нина Хажоян, Осиё тараққиёт банки эксперти Стюарт Колин Маугҳам ва Жамғарма ходимлари иштирокида “Дастурий бюджетлаштириш” тизимида мақсадли индикаторларни ишлаб чиқиш мавзусида халқаро семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Бу каби ҳамкорлик муносабатлари мамлакатимизда аҳоли бандлигин таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, одамлар учун муносиб иш шароитларини яратиб беришда халқаро стандартлар асосида замонавий ечимларни қўллашга хизмат қилмоқда.

Салоҳиддин САМАДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари

вазирлиги ҳузуридаги

Жамоат ишлари жамғармаси

ижрочи директори