Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро ҳамкорлик бўйича комиссияси Фан ва таълим бўйича қуйи комиссияси учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда мактабгача, умумий ўрта, олий ва олий таълимдан кейинги таълим соҳалари бўйича Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Россиянинг Таълим бўйича миллий аккредитация агентлиги директори Лемка Измайлова Россиянинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари филиалларида лицензиялаш, аккредитациялаш ва таълим сифатини таъминлаш бўйича ишлар изчиллик билан олиб борилаётганини таъкидлади.
– 1990-йилларда Россияда 4000 га яқин олий таълим муассасаси бор эди. Жорий этилган қатъий сифат назорати натижасида бугунги кунда уларнинг сони 1000 тагача камайди. Ўзбекистонда филиали мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ҳам айнан давлат таълим сифати назоратидан ўтган, давлат аккредитациясига эга ҳамда битирувчилар сифати учун жавоб бера оладиган университетлар ҳисобланади.
Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, Россия олий таълим муассасаларига лицензия бериш ва уларни аккредитациялаш жараёни соддалаштирилмоқда. Бу борада янги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Биз уларнинг мазмун-моҳиятининг Ўзбекистондаги филиалларга ҳам тушунтириш ва методик ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда семинарлар ташкил қилиб боряпмиз. Ҳали олдинда қилишимиз бўлган ишлар ҳам жуда кўп, – деди Лемка Измайлова.
Муҳокамалар давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев инспекция фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ Россия Федерацияси Таълим ва фанни назорат қилиш федерал хизмати, Фан ва олий таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини таъкидлар экан, бу борада амалга оширилиши кутилаётган истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.
– Қисқа вақт ичида Ўзбекистонда Россия университетларининг 12 филиали ташкил этилиши ёшларни олий таълимга қамраб олиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш имконини беради, – деди Улуғбек Тошкенбоев. – Филиалларда таълим сифатини ошириш мақсадида уларни аккредитация қилиш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини сифатли ташкил этиш масалаларида Россиянинг Таълим бўйича миллий аккредитация агентлиги билан ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарур.
Йиғилишда шунингдек, PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS халқаро тадқиқотларига тайёргарлик бўйича ҳамкорликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Муҳокамалар якунида кўтарилган масалалар юзасидан истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш бўйича фан ва таълим бўйича қуйи комиссиянинг йиғилиш баённомаси имзоланди.