Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Яҳудий халқи тарихи марказий архиви (Қуддус) ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум видеоконференц-алоқа форматида имзоланди.
Ҳар икки давлат ўртасидаги тарихий шаклланган дўстона муносабатларни инобатга олиб, ушбу архив муассасалари ўртасида Иштирокчиларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш истагидан келиб чиқиб, қуйидагилар тўғрисида ўзаро англашувга эришилди:
архив ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда очиқ архив ҳужжатлари тўғрисида маълумот ва касбий тажриба алмашиш бўйича иш олиб бориш, ўзаро илғор техник ва дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда мутахассисларни ўқитиш ва малака ошириш йўналишларида ҳамкорлик қилиш;
архив ҳужжатларини аниқлаш ва уларнинг нусхаларини ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ ҳамда ўз ваколатлари доирасида келишувга асосан тақдим этиб боришда бир-бирларига кўмаклашиш;
ўзбек ва яҳудий халқлари тарихи ҳамда маданияти билан боғлиқ очиқ турдаги архив ҳужжатларини ўз ичига олган архив фондларини тавсифлаш ва ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш, архив манбалари тўғрисида маълумотларни ўзаро алмашиш ва ҳужжатларнинг мавзули рўйхатларини тузиш;
ўзаро манфаатдорлик асосида Марказий Осиё халқлари тарихи, Ўзбекистон Республикасидаги яҳудийлар диаспораси тарихи, Исроил Давлатига кўчиб борган ўзбекистонликлар тарихи ва бошқалар бўйича қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини ўтказиш ҳамда келишилган мавзу асосида ҳужжатли кўргазмалар, семинарлар ва анжуманларни ташкил қилиш.