2001 йилда Истанбул савдо палатаси кўмагида ташкил этилган Истанбул тижорат университетида ҳозирда 6 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Жаҳоннинг Топ-1000 талик университетлари рўйхатига кирувчи мазкур олий ўқув юртида, айни вақтда олтита йўналиш бўйича бакалавр ҳамда бешта йўналиш бўйича магистр даражаси берилади.

Дастлаб делегация аъзоларини кутиб олган Истанбул тижорат университети ректори Южел Ўғурлу Марказ раҳбариятига Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков университет жамоасини Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар, олий таълим тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар самараси ҳамда Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларнинг мазмун ва моҳияти билан таништирди.

Жумладан, Э.Туляков келгуси беш йилда Тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш, Давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш ҳамда QS ва THE каби халқаро рейтингларга киритиш, бунда нуфузли хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.

Ўз ўрнида Южел Ўғурлу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни, жумладан таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни мамнуният билан кузатиб боришини ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган минтақавий ва глобал ташаббуслар нафақат мамлакат ривожи, балки минтақа ва бошқа бир қатор давлатлар тараққиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганлигини эътироф этди.

— 2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок эдим, – дейди Ю.Ўғурлу. – Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Бухоро давлат университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шунингдек, яқинда Анқарада ташкил этилган Марказий Осиё давлатларида ҳуқуқий ислоҳотларга бағишланган халқаро конференцияда  мен, айнан Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтдим. Маърузаларимда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланиб келинаётган тўпламлардан фойдаланиб келмоқдаман. Айниқса, шуни мамнуният билан таъкидлашим жоизки, Ўзбекистондаги салмоқли ислоҳотлар, мамлакатнинг дунёга очилиши, олиб борилаётган бевосита халқ билан мулоқот ва унинг олдидаги ҳисобдорлик тизими яратилганлигини мен бошқа давлатларга ўрнак сифатида кўрсатмоқдаман.

Дўстона ва самимий мулоқот руҳида кечган учрашув давомида Э.Туляков ҳамда Ю.Ўғурлу Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор илмий, истиқболли лойиҳалар ва инновацион ғояларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, мулоқот чоғида илмий-амалий конференциялар ўтказиш ва илмий мақолаларни юқори индексга эга хорижий журналларда чоп этиб бориш ҳамда ўзбекистонлик ёшлар ва профессор-ўқитувчилар учун тадбиркорлик йўналишларига оид таълим бўйича малака ошириш масалаларида келишиб олинди.

Учрашув якунида 2021 йилнинг июль ойида Марказ ва Университет ўртасида имзоланган Англашув Меморандуми доирасида Туркия ва Марказий Осиё минтақасидаги “ақл марказлари” экспертлари, олий таълим муассасалари, сиёсий доиралар учун Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг мониторинги натижаларига оид маъруза ҳамда тақдимотлар ўтказиб боришдаги ишларни тизимли давом эттирилишига келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати