Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани Реги Ҳайдар маҳалласида яшовчи Ҳамдам бобо Ҳайдаров яқинда 102 баҳорни қарши олди. Фарзандлари ва бир этак неваралари ёнида бағри бутун бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Узоқ йиллар ўқувчиларга таълим берган отахон ҳали бирор марта бетоб бўлиб шифохонада ётмаган, ҳозир ҳам қадами тетик, фикри теран.

Яқинда Бухорога борганимизда Ҳамдам бобо билан самимий суҳбатлашиб, унинг ақлни чархлайдиган содда, самимий, аммо замирида бир олам маъно мужассам сўзларини ёзиб олдик. Зеро, нуронийлар маслаҳати ҳеч кимнинг кўнг­лига оғир ботмайди. Уларнинг қалбидан чиқиб, қоғозга кўчаётган ўгитлари негизида кўп ҳикматлар бисёр. Эшитсангиз, кўнглингиз ёришади ва “Қари билганини пари ­билмас” нақли бежиз айтилмаганини юракдан ҳис қиласиз.

— Замонамиздан айланай, қаерга борсанг кўзинг қувнайди. Кўчалар кўркам, атроф обод, саранжом-саришта. Осмонўпар бинолар кўплигини айтмайсизми. Бизнинг давримизда 4 қаватдан баланд бино бўлмаган, Қоракўл туманида ҳам осмонга қарасанг, ҳушинг учадиган баланд қаватли уйлар кўпайиб қолди. Мана буни янгилик, яратувчанлик, деса бўлади, — дейди Ҳамдам бобо. — Қўлни чўзсанг ойга етадиган зап замонлар келди. Айниқса, ёшлар учун яратилаётган шароитларни кўриб ақлинг шошади. Шу имкониятлар сабаб уларнинг қадамидан ўт чақнайди, бири биридан уддабурон, шижоатли, серғайрат. Асосийси, билимли. Ўзга тилларда бийрон сўзлашига ҳавас қилмай бўлмас. Ёшларнинг ютуқлари, яратаётган кашфиётлари ҳақида эшитиб ғурурланади киши.

Бизнинг давримизда чет элга бориб-келиш шунчаки адоғи йўқ орзу эди. Ейишга бир бурда нон топиш машаққатини айтмайсизми... Қийналиб ўқиганмиз. Шунинг учун бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиб, шукр қилиб, юртга садоқатли бўлиб яшашимиз керак. Ёшларнинг ҳар соҳада қўлга киритаётган зафарли ютуқларидан кўнглим ўсиб, қувонсам, баъзи бир ўзбек йигитларнинг ўзига хос бўлмаган қилмишларидан кўнг­лим ўртанади.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳозирги йигитларимиз орасида ишёқмас, танбаллари, бировнинг пулига кун кўрувчилари, мода учун соқол қўйиб, оғзидан боди кириб шоди чиқиб сўкиниб юрадиганлари ҳам бор.

Йигит номига доғ туширадиганлари, устидаги алламбало кийимларни кийиб, бўйнига занжирлар тақиб, ўзини доно биладиганлари ҳам кўпайиб кетди. Уларни кўриб “ҳе, сенинг кўнгил кўчангдан ўргилдим, нодон”, дея ичимда эркакча сўкиб ҳам қўйдим. Кийими-ку, майли, аёлларга ўхшаб товусдай товланиб рақсга тушадиганлари чиққан. Уларга қараб, ўйнасанг, эркакчасига бардам-бардам ўйна, дегинг келади.

Аслида, ўзбекнинг ўғлонлари шерюрак бўлади. Чунки уларнинг бошидаги дўпписию белбоғининг ўзи етти оламга машҳур. Эр йигитга майда қадам, майда гап ва хоинлик ярашмайди. Мен қизлар ҳақида эмас, ўғил фарзандлар ҳақида гапиряпман. Э, бу қари чолнинг гаплари кимга керак, деманг.  Юз билан юзлашган мендай кекса чолнинг сўзларини олсангиз, кам бўлмайсиз. Баъзиларга айтмоқчиманки, ўзбекнинг бек ўғли эканини унутмасин. Ҳеч бўлмаса, катта ютуқларга эришаётган тенгдошларининг қадамига мослаб қадам ташласин. Ўзга юртларга ишлаш учун бориб, ўзгалар қутқуларига, мол-дунёсига учиб, ўзлигидан, киндик қони тўкилган юрт тузидан осонгина кечиб, ёш жонига жабр қилмасин. Бегуноҳ инсонларнинг уволига қолмасин, зийрак бўлишсин!

Ахир юртимизда яшаш учун ҳамма шароитлар бор. Шундай экан, ўқи, ишла, излан, юрт кез, кам бўлмайсан. Майли, бой бўлма, катта тадбиркор ёки зўр олим бўлма, оддийгина одамгарчилиги бор, меҳнаткаш, ҳалол инсон бўл, ҳаловатда яша!

Ота-боболаримиз меҳнатда, ҳаракатда гап кўп дейишган, қани энди ҳозир ҳам куч-қувватим бўлса-ю, яна ўқувчиларга сабоқ берсам, томорқамда маза қилиб ер чопсам, ислоҳотлар қозонида қайнаб, янгиликлар яратсам, афсуски, йиллар ўз ҳукмини ўтказар экан...

Шу муборак рамазон кунларида айтган сўзларим ҳеч кимга малол келмасин, айниқса, эр йигитлар ўз номига доғ туширмасин, тану жони соғ бўлсин-у юрт корига ярасин. Илоҳим, обод ва озод, ҳур диёримизга кўз тегмасин, юртимизга ғаним яқинлашмасин, йўқчилик бўлмасин. Азиз ва мукаррам заминимизда ҳамиша ҳамжиҳатлик, ҳамдўстлик ва шоду хуррамлик ҳукм сурсин. Ўзбек йигитларининг ҳалол ишлаб топган пуллари фақат яхши кунлар, яхшиликлар ва тўйларга буюрсин!

 Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири