Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2025 йил 2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида “Бир ма­кон, бир йўл” ташаббуси доирасида жуда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини ало­ҳида таъкидлаш жоиз. Давлатлараро, ҳуку­матлараро, идоралараро қатор битимлар сар­моявий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асос яратмоқда. Икки мамла­кат компаниялари иштирокида саноат коопе­рацияси, инфратузилмани модернизациялаш, транспорт, фармацевтика, телекоммуникация, юқори технологияли саноат парклари лойи­ҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Қадимий Ипак йўлини қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳ­камлаш борасида амалга оширилаётган чора- тадбирлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқ­тисодий алоқалар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буюк ипак йў­лини қайта тиклашга қаратилган ушбу ғоя тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорлари­га эга бўлган ҳолда халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айланди. Чунки Хитойнинг Марказий Осиё, Европа ва Африка минта­қасида жойлашган 70 дан ортиқ мамлакатни ўзаро боғловчи мавжуд иқтисодий йўлаклар­ни янада такомиллаштириш, янги транспорт ва савдо йўлларини яратишни кўзлаган бу халқаро ташаббуси юртимизнинг барча дав­латлар ва минтақалар билан ўзаро манфаатли, тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларига тўла мос келади.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси айнан минтақавий иқтисодий ҳамкорликни қўл­лаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, товарлар, капитал, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шу­нингдек, кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва коммуника­циялар соҳасидаги мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, давлатларнинг тран­зит салоҳияти ва энергия тизимларини ри­вожлантириш каби долзарб масалалар ечи­мига қаратилган.

Бу ташаббус денгизга тўғридан тўғри чи­қиш йўлига эга бўлган давлатлар билан ҳам, қитъанинг ичкарисида жойлашган мамла­катлар билан ҳам интеграция лойиҳалари­ни амалга оширишни назарда тутади. “Бир макон, бир йўл” 2013 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида ХХР Раиси Си Цзинь­пиннинг Қозоғистон ва Индонезияга таш­рифлари давомида узоқ муддатли стратегик режалар сифатида илк бора илгари сурилди. Бундан кўзланган асосий мақсад Буюк ипак йўли доирасида қўшни давлатлар билан ҳам­корликда “иқтисодий занжирни қуриш” ҳи­собланади. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳамкорликнинг тўртта йўналиши — сиёсий маслаҳатлашувлар, транспорт инфратузилма­си, савдони осонлаштириш ва пул муомаласи масалалари қамраб олинди. Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўз­бекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади.

Хитой ташаббуси дастлабки қамровидан фарқли равишда анча кенгайди, географик жиҳатдан дунёнинг деярли барча минтақала­рини қамраб олди. Ташаббус тарафдорлари бўлган мамлакатлар минтақавий жиҳатдан ноёб табиий ресурслар, ишлаб чиқарилади­ган маҳсулотлар, янги инновацион ишланма­лар, малакали ишчи кучи ва инсон капитали, технологик имкониятлар борасида юқори са­лоҳиятга эгадир.

Сўнгги йилларда темир йўллардан, ден­гиз портларидан ва рақамли инфратузил­малардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик кенгайиши кузатилди. Шунингдек, савдо- иқтисодий ва молиявий алоқаларни янада ривожлантириш каби йўналишларда ҳам­корлик бошланди.

Юртимизнинг халқаро муносабатлардаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарил­ди. Ўзбекистон томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлашга хизмат қиладиган кўп томонлама муносабатларни кенгайти­риш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббуслар минтақадаги ижтимоий-иқти­содий барқарорлик ҳамда ишончни мустаҳ­камлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон — Хитой ўр­тасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва инвес­тициявий ҳамкорлик муносабатларини ри­вожлантириш, транспорт соҳасидаги мавжуд имкониятлардан биргаликда ва тўлақонли фойдаланиш, алоқаларни янада кенгайтириш нафақат минтақавий, балки глобал даражада барқарорликка эришишда муҳим омилдир.

Эркин савдони кенгайтириш, инфратузил­ма ривожига эътибор қаратилаётгани икки мамлакатнинг фаол ҳамкорлигини кучайтир­моқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатлар­даги мавжуд ресурслардан тўлақонли фой­даланиш, халқаро таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ва иқтисодий интеграцияла­шувни кучайтиришга қулай шароит яратади. Шунга мос равишда савдо-иқтисодий, техно­логик ва молиявий-инвестициявий ҳамкор­лик жадаллашмоқда. Ўзбекистон 200 га яқин давлат билан савдо алоқаларига эга бўлса, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида мамла­катимиз умумий ташқи савдо айланмасининг 17,7 фоизи айнан Хитой улушига тўғри ке­лади. 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард доллардан ошди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етка­зиш вазифаси турибди.

Давлат раҳбарларининг жорий музо­каралари жараёнида Хитой — Қирғизис­тон — Ўзбекистон стратегик темир йўли қурилишининг амалий босқичи бошлан­гани мамнуният билан қайд этилди. Бу транспорт йўлагининг ишга тушиши мам­лакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳам­корликнинг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳа минта­қалараро алоқаларни мустаҳкамлашга ёр­дам бериб, Марказий Осиё давлатларининг транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва минтақанинг халқаро транспорт- транзит маркази сифатида рақобатбардош­лигини оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Хитойга расмий ташрифи доирасида “China Gold”, “China Coal Resources”, “China Datang Corporation”, “Tianjin Rail Transit Group”, “Poly Changda”, “Tianjin Urban Construction”, “Jinchuan Group”, “China Synfuels”, “Jinchuan”, “ST Wonderful”, “Mizuda”, “World Agriculture”, “Dongzhu Ecology” ва бошқа маҳаллий етак­чи компаниялар раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда энергетика, геология, қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё, заргарлик саноати, жа­моат транспортини модернизациялаш, инф­ратузилмани ривожлантириш ва туризм со­ҳаларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хитой мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш дастурларини амалга ошириш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноатнинг экспорт салоҳиятини юксал­тиришда фаол иштирок этмоқда. Бу жараён­да Хитойнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни, биринчи навбатда, юқори тех­нологияга асосланган тармоқларни ривож­лантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бунинг натижасида инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга туширилди. Мамлакатимиз ҳудудла­рида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар фаолият юритмоқда, “BYD” электромобилларини ишлаб чиқариш кенгай­тирилмоқда.

Энергетика, жумладан, қайта тиклана­диган энергия, нефть-газ, кимё, автомобил­созлик, электротехника, қурилиш материал­лари ишлаб чиқариш, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда фаол инвес­тициявий ҳамкорлик мавжуд. Бунинг нати­жасида миллий иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳаларида Хитой капитали иштирокидаги қўшма корхоналар тобора кўпайиб, ҳозирги кунда самарали фаолият кўрсатиб келмоқ­да. Хусусан, Хитой капитали иштирокида 3700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юри­таётган бўлиб, бу мамлакатимиздаги чет эл капитали иштирокидаги мавжуд барча ком­паниялар умумий сонининг қарийб 25 фои­зини ташкил этади. Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергия соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Углеводород хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича юқори технологик ло­йиҳаларни мамлакат ичида ва ташқи бозор­ларда амалга оширишга ихтисослашган дунё­нинг энг йирик энергетика компанияларидан бири “China National Petroleum Corporation” (CNPC) ҳисобланади. Ушбу компаниянинг мамлакатимизга киритган тўғридан тўғри ин­вестициялари ҳажми 5 миллиард доллардан ошди. Истиқболда мазкур компания билан инвестициявий ҳамкорлик портфелини янада кенгайтириш ва ер ости табиий газ сақлаш иншоотларини қуриш, инфратузилмани мо­дернизациялаш, замонавий метрологик стан­дартлар ҳамда инновацион ечимларни жорий этиш лойиҳаларини илгари суриш мақсад қилинган.

Мамлакатлар ўртасида савдо, саноат коо­перацияси, транспорт-логистика, иннова­ция, “яшил” ва рақамли иқтисодиёт инфра­тузилмасини ривожлантириш каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш савдо-иқтисодий салоҳиятни янада мустаҳ­камлашга хизмат қилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг Пекин шаҳри­да бўлиб ўтган музокаралари якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб икки томонлама ҳужжат­лар имзоланди. Ўзбекистон ва Хитой ўрта­сидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, имзо­ланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар Ўзбекистон — Хитой муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Шу­нингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, “Ўзбекистон — 2030” страте­гияси ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ўзаро боғлаш, илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгай­тириш, техник-иқтисодий ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳамда инсон ресурсла­рини ривожлантириш ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инф­ратузилма каби соҳаларда илғор инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларида­ги ҳамкорликни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши минтақавий даражада­ги алоқаларни фаоллаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Бир сўз билан айтганда, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, мамлакатларнинг қулай инвестициявий ва бизнес салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида савдо-иқтисо­дий фаолиятни жадаллаштириш истиқболда минтақавий даражадаги иқтисодий ўсишни барқарорлаштириш ва тараққиётни рағбат­лантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жасурбек ОТАНИЁЗОВ,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор