ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг маълум қилишича, фуқаролар сафар олдидан мезбон давлатларнинг виза ва миграция талабларини пухта ўрганиши, барча зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириши ҳамда уларнинг амал қилиш муддатини текшириши лозим.

Шунингдек, паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг асл нусхалари билан бирга электрон ва қоғоз кўчирмаларини сақлаш, маҳаллий қонунчилик ҳамда жамоат тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиш тавсия этилди.

ТИВ мухлисларга ҳаракатланиш йўналишларини олдиндан режалаштириш, расмий транспорт ва ахборот хизматларидан фойдаланиш, гавжум жойларда шахсий хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳамда рухсат этилмаган оммавий тадбирларда иштирок этмасликни тавсия қилди.

Қайд этилишича, фавқулодда вазиятлар, ҳужжатлар йўқолиши ёки бошқа муаммолар юзага келган тақдирда маҳаллий тезкор хизматлар ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиш зарур.

ТИВ барча мухлисларни Ўзбекистон миллий терма жамоасини муносиб қўллаб-қувватлашга, мезбон давлатлар қонун-қоидалари, маҳаллий анъана ва маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди.

«Ҳар бир ватандош хорижда нафақат мухлис, балки Ўзбекистоннинг муносиб вакили эканини унутмаслиги лозим», — дея таъкидланди вазирлик баёнотида.