Унда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мунира Қаҳҳорова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов, “Ислом тарихи ва манбашунослиги, IRCICA” кафедраси профессори Саидакбар Агзамхўжаев, академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб бераркан, Маҳмудхўжа Беҳбудий Ватан истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровонлиги йўлида ҳаётини қурбон қилганини таъкидлади. Олимнинг ҳаёти, илмий фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Учрашув давомида алломанинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти акс этган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” номли видеоролик намойиш этилди.

– Дунёда глобал хатарлар кучайиб бораётган бир даврда миллий ўзликни англаш, ҳақиқий тарихимизни билишга ҳар қачонгидан ҳам интилиш кучайиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов. – Мустабид тузум даврида оммавий қатағонлар натижасида инсонийлик шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси топталган давлат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари, қанчадан қанча юртдошларимиз Ватан озодлиги йўлида жонларини қурбон қилишди. Уларнинг номини абадийлаштириш, ёшларнимизни миллий истиқлол ғояси, жасорат билан тарбиялашимиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг, “Ҳақ олинур, берилмас”, деган хитобларини унутмаслигимиз керак.

Тадбир давомида Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодига бағишланган китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, талабалар ўртасида аллома ҳаёти ва илмий фаолияти бўйича ўтказилган мақолалар ғолиблари тақдирланди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган учрашув аллома шахсиятини яна бир поғонага олиб чиққани, шубҳасиз. Зеро, ёшларга таълим-тарбия, маърифат масаласи давлат сиёсати даражасига чиққан бугунги кунда жадидчилик ва жадидлар фаолиятини тадқиқ этиш, уларнинг залворли меҳнатини ёшларга етказиш ҳар қачонгидан-да муҳим вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

матбуот хизмати