Юртимиз ободончилиги, халқ моддий-маънавий аҳволини, савиясини юксалтиришда йиллар номи билан боғлиқ қабул қилинган давлат дастурлари асосида амалга оширилган ишлар самаралари эътироф этилмоқда. Юртимизда 2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилинди. Бундан бош мақсад — она ватанимиздаги ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб яшашини тўлиқ таъминлаш сари янги одимлар қўйиш.
Президентимиз раислигида шу йил 23 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселекторда қатор рақамлар, далиллар тилга олинди. Уларни мушоҳада призмасидан ўтказган мулоҳазакор инсон яқин тарихда ўзбек жамиятининг энг муҳим, туну кун фаолиятда бўлган, ҳар биримизнинг тақдиримиз боғланган маҳаллалар ривожи учун тақдирига бундай эътибор, амалий қўллов режаси тузилмаганини тасдиқлайди.
Фикримиз исботи учун айрим далиллар келтирсак.
2026 йилда 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгиланди.
“Оғир” туман ва маҳаллалар аҳлини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш масалалари атрофлича кўрилиб, аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 903 та маҳалланинг ҳар бирида қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилиб, “беғараз актив” сифатида берилади.
Ушбу станциялар ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган “иқтисодий актив” шакллантирилиши назарда тутилган.
Маҳаллаларда ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий механизмлар жорий этилиб, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун сертификатланган кўчатларни харид қилиш харажатининг 50 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.
Мева турига қараб, “шпалер”лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади.
Томорқада томчилатиб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади. Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, агар буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида амалга оширса, қўшимча равишда 75 миллион сўмдан мукофот олади.
Оммавий ахборот воситалари саҳифаларида, турли йиғин ва тадбирларда тилга олинаётган юқоридаги рақамларни “Яна такрорлаш шартмиди?” деган эътирозлар ўринли. Чунки энди асосий қувватлар, эътибор режалар бажарилишига қаратилиши, таҳлиллар ҳам шу йўналишда бўлиши мақсадга мувофиқ. Ушбу нуқтаи назардан ёндашсак, таассуфки, дилда қатор иштибоҳлар уйғонади.
Президентимизнинг “Қаерда ҳаёт яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда “енгил пул топиш” ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашиб, жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади” деган фикрларини SOS огоҳлантириш ўрнида кўриб, алоҳида диққат қаратайлик.
Давлатимиз раҳбарининг “Барча туманларда “оилавий тадбиркорлик” бўйича имтиёзли кредитнинг энг юқори миқдори 1,5 баробар оширилиб, 50 миллион сўмга етказилади. Импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва учун 100 миллион сўмгача, уй меҳмонхонаси, кичик музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш минитехнологиялари учун эса 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади” деган фикрлари ўтган яқин йилларда маҳаллалардаги эҳтиёжманд хонадонларга ёрдам, қўллаб-қувватлаш сифатида жўжалар, товуқлар, чорва ҳайвонлари тарқатилганда кузатилган воқеаларни ёдга солди.
“Оғир” тоифадаги маҳаллалардаги бўш ер участкалари ва давлат объектларининг бошланғич нархини 2-3 баробар пасайтириб, уларни сотувга чиқариш амалиёти жорий этилади.
2026 йилда 2 минг гектар ўрмон ерлари 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор барпо этиш учун 10 йилга бепул ажратилади. Пиллачилик кооперациясини ташкил этиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия, уйида пилла етиштириш истагида бўлганларга эса хонадонни жиҳозлаш ва ускуна хариди учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади — мана шу моддий қўлловдан ҳам илму тадбиркорлик, халқ тажрибаларига асосланиб фойдаланилса, қанча янги-янги иқтисодий самарадор имкониятлар эшиги очилади.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида катта авлод вакили бўлган оналар, бувилар учун келинлик сепида помбархат деб аталадиган матодан кўйлаги бўлиши орзу эди. Оддий меҳнаткаш халқ вакиллари ҳақида гапиряпман. Соф пилла ипагидан тўқилган, жуда чиройли бу мато Хитойдан, Япониядан олиб келинарди. Гарчи ўша йиллари илк баҳорнинг изғирин кунларидан бошлаб қишлоқлар, шаҳарларнинг ҳам айрим оилалари ўзлари айвонга, ҳовлига кўчиб, уйларини пилла қуртига бўшатиб бериб, қурт боқиб, катта пилла ҳосили олса-да, энг сифатли ипак матолар хориждан келтирилишига тушунмасдим. Бир сафар тўқимачилик соҳасининг етук мутахассиси — масъул идоралардан бирида ишлайдиган ходимга шу фикримни айтдим. Унинг жавобидан маълум бўлдики, пилламизнинг “қорапачоқ” деб аталадиган, яъни ипак қурти ичида капалакка айланмай ўлиб қолганидан кейин қорайиб кетадиган энг паст навини ҳам енгил саноати тараққий этган давлатлар сотиб олиб, ундан сифатли матолар тайёрлаб, ўзимизга отнинг калласидай нархга сотар экан...
Иқтисодий қўлловлар воситасида тутзорлар ташкил этилиши, пиллачилик ривожланиши хонадонлар иқтисодиётини юксалтиришга, экологиянинг мусаффолашувига, янги иш ўринлари пайдо бўлишига ва бугун дунё мамлакатларига йўллари очиқ бўлган тадбиркорлар ғайрат қилсалар, ўзимизда ипакдан тўқиладиган табиий матоларнинг илғор саноати тараққий этишига йўллар очилади. Фақат бунинг учун режа асосида ажратилган ерлар лойиҳадаги каби нархларда тутзорлар ташкил қиладиган, пиллачиликни ривожлантирадиган ҳақиқий миришкорларга, пиллачиликка қизиққан меҳнаткашларга берилиши керак. Зеро, тутзорлар етарли бўлса, жуда кўп маҳаллалар пиллачиликка ихтисослашиши мумкин.
Бизнингча, ҳар бир маҳалладаги зиёлилар, турли соҳа ва, айниқса, иқтисодиёт, ҳисоб-китоб, техника воситалари борасида маълумотли, тажрибали инсонлар битта “мушт” бўлиб, улар ажратилган ҳар қандай маблағнинг тўкилмай-сочилмай маҳалланинг “ҳамёни”га тушиши, шу ҳудуд аҳли ҳаёти енгиллашуви, фаровонлашуви учун тўғри ва самарали расамад қилинишига масъул, бош-қошликни, назоратчиликни зиммага олишлари керак. Шундагина маҳалла учун ажратилган ҳар бир сўмнинг натижадорлиги таъминланади.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими