Кейинги йилларда ўзбек журналистикасидаги туб бурилиш, сезиларли силжишлар сўз эркинлигининг амалда таъминланаётганидан далолатдир. Бугун ким билан гаплашманг, ўзбек журналистикаси фаолияти кейинги йилларда анча жонланганини таъкидлайди. Тўғри, соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Ўз ваколатидан тўлақонли фойдалана олмаётган, хизмат доирасида турли тазйиқларга дуч келаётган журналистлар ҳам бор. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизмат вазифасини эмин-эркин адо этиши учун бугун юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон ЎСАРОВ билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.

— Жорий йил 4 июнь куни уюшманинг навбатдан ташқари конференциясида шу пайтга қадар амалга оширилган ишлар юзасидан тўлиқ ҳисобот берилди. Сиз билан фаолиятингизнинг бошланиши, қисқа муддатда қилинган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида гаплашсак.

— Аввало, мамлакатимизда фаолият юритаётган барча оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан муборакбод этаман. Биз фаолиятимизнинг илк куниданоқ журналистларнинг айтар сўзига, унинг салмоғига эътибор қаратишга киришдик. Негаки, уюшманинг келгуси ишларини режалаштиришда, албатта, журналистлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммолар билан бирга уларнинг таклифлари, мурожаатлари, шикоятларини атрофлича ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда журналистлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун уюшма алоҳида @jurnalist_uz_bot каналини ишга туширди. Мазкур ботга ҳар куни 10 дан зиёд мурожаат келиб тушади. Бу орқали кўплаб ҳамкасбларимизнинг соҳа ривожига бефарқ эмаслиги, юзлаб ёшларимиз бугунги замонавий журналистика ихлосманди экани маълум бўляпти. Мурожаатчи ёшми, фаол журналистми, уларга тезкор жавоб беришга ҳаракат қиляпмиз. Аксарият мурожаатлар ёшлар томонидан бўлиб, улар ўзларининг ижодий ишлари газета ва журналларда чоп этилиши, журналистика факультетида ўқишига амалий кўмак беришимизни сўрашади.

Бир мисол. Жиззахлик талаба Қодиржон Эшонқулов бот орқали бизга мурожаат қилди. У Жиззах давлат педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олса-да, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими томонидан ташкил этилган журналистлар мактабига танлов асосида қабул қилинган. 6 ой давомида журналистиканинг сир-асрорини ўрганиб, бу соҳага меҳри тушиб қолгани боис вилоят телерадиокампаниясида ишлаш истагини айтди. У билан суҳбатда дарҳақиқат журналистик қобилияти борлигига гувоҳ бўлдик. Сўнг Жиззах телерадиокомпаниясига Қодиржонни ишга олиш юзасидан мурожаат қилдик. Мурожаатимиз қабул қилиниб, масала ижобий ҳал бўлди. Айни пайтда Қодиржон ҳам ўқиб, ҳам журналист сифатида фаолият юритяпти. Бу каби мурожаатлар эътибордан четда қолмайди.

Ботнинг аҳамияти шундаки, йилнинг 2-ярмида қилинадиган ишларимизни унга келиб тушаётган жўяли таклифлардан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирдик. Шу билан бирга, уюшма ҳузурида касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилган бўлиб, унда Хуршид Дўстмуҳаммад, Расул Кушербоев, Карим Баҳриев, Муаттар Асқарова, Қамариддин Шайхов, Дилшод Маматурдиев каби таниқли журналистлар фаолият юритади. Албатта, улар билан ҳам келгуси фаолиятимиз юзасидан аниқ режаларни белгилаб олганмиз.

— Бугун уюшма фаолияти қайта жонланаётган паллада кўпчиликда бир савол туғилади. У ҳам бўлса, аъзолик масаласи. Узоқ йиллардан буён тўхтаб қолган бу жараён энди қандай давом этади?

— Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси 1957 йилда ташкил топган бўлса, шу пайтгача 3800 дан зиёд журналист аъзоликка қабул қилинган. 2001 йилдан бошлаб аъзолик тўхтатилган эди. Уюшманинг 2019 йил июль ойидаги конференциясида аъзоликка қабул қайта тиклангач, аъзолик гувоҳномаси, кўкрак нишонлари янгидан тайёрланди. Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу жараён яна тўхтаб қолди.

Хуллас, 20 йил деганда янги аъзоларни қабул қилиш жараёни “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятидан бошланди. У ерда ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Ҳар иккала жамоага замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди. Уюшма аъзолигига қабул қилинган “Овози тожик” газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов, масъул котиб Аълам Нарзиев, Нурли жол” газетаси бош муҳаррири Ғуломзокир Юсупов ва бўлим муҳаррири Жаннат Молдашевага аъзолик гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишони топширилди.

— Сўнгги вақтларда журналистларга хизмат вазифасини адо этаётган пайтда турли тазйиқлар ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бундай ҳолатларда журналистларнинг ҳимояси таъминланмагани соҳа вакилларининг уюшма фаолиятидан қониқмаслиги, норозилигига сабаб бўлаётган эди. Шу маънода, эндиликда уюшма томонидан журналист шахсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қандай чора-тадбирлар кўриляпти?

— Дарҳақиқат, журналистларимиз билан содир бўлаётган ҳолатларга тезкор муносабат билдирилмаслиги тўғри танқид қилиниб келинаётган эди. Аслида, нафақат журналист, балки ҳар қандай фуқаро давлат идораларидан ўзини қизиқтирган маълумотларни олиши мумкин. Бу Конституциямизнинг 29-моддасида белгилаб қўйилган. 30-моддада эса ҳар бир давлат органи, мансабдор шахс фуқарони қизиқтирган маълумотни тақдим этиши шартлиги, ахборот сўраган шахсга маълумот тақдим этмаган мансабдор жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Шу ўринда Президентимизнинг вилоятларга ташрифлари чоғида тобора анъанавий тус олаётган журналистлар билан учрашувларга тўхталмоқчиман. Давлатимиз раҳбари, аҳолининг турмуш тарзи, ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишини ўрганиш асносида мавжуд муаммолар юзасидан улар билан мулоқотга киришаётганинг ўзи сўз эркинлигининг амалдаги кўриниши, дейиш мумкин. Бугун юртимизни чет давлатлар асосан сўз эркинлиги қарор топаётган мамлакат сифатида эътироф этаётган экан, бу журналистларимизга янада шижоат бериши табиий. Қолаверса, Президентимиз соҳа вакилларига катта ишонч билдираётгани ҳар бир журналистни фаолликка ундайди. Биргина мисол. Президентмизнинг жорий йил Фарғона вилоятига ташрифи чоғида журналистлар билан учрашувини эслайлик. “Сизлар менга кўмакчи, елкадошсиз. Ютуғимизни ҳам, камчилигимизни ҳам халқимизга адолат билан етказувчи куч деб биламан. Сизлардан битта нарсани илтимос қиламан, изланишдан эрингманглар, адолатни халққа етказишдан қўрқманглар. Ортингизда Президент бор. У замонлар ўтиб бўлди. Энди орқага йўл йўқ. Фақат адолат, адолат, фақат ҳақиқат! Қанча кўп ҳақиқатни етказа олсак, шунча кўп манфаат бўлади. Тўғри, бугун кимдир сизларни ёмон кўрар. Лекин сиз ёзган гапларни ёқтирмаган раҳбарлар барибир тўғрилайди ўша муаммони. Барибир адолат мезони ўрнатилади. Бу дегани ислоҳотларимиз, Мурожаатномада айтилган гаплар рост эканку, қилса бўлар эканку, деган ибора пайдо бўлади”, деган гаплар ҳар бир журналистга куч бағишлаши баробарида зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди.

Ёки февраль ойида Намангандаги шундай учрашувни олайлик. Ўшанда Президент ОАВни тўртинчи эмас, балки биринчи ҳокимият деб ҳисоблашини маълум қилиб, “Авваллари сизларга бош вазирмас, ўринбосарлари ҳам эмас, қабулхонасидагилар ҳам салом беришга салгина оғринарди, саломлашгиси келмасди. Ҳозир замонамизнинг зайли билан, жамиятимиздаги ўзгаришлар билан, халқимизнинг талаби билан, халқимиз онгининг ўсиб бориши нуқтаи назаридан, халқимиз эмин-эркин яшаши нуқтаи назаридан сизлар ҳам ўсаяпсизлар, шу билан бирга, сизлар давлат идоралари раҳбарларини ўстираяпсизлар”, деганининг ўзиёқ журналистларга ички бир жасорат бағишлагани аниқ.

Аммо афсуски, аксарият журналистларимиз ўз ҳуқуқларини яхши билмайди, натижада ахборот олиш чоғида турли тазйиқларга учрайди. Эндиликда уюшма шундай ҳолатлар юзага келганида тезкор муносабат билдирибгина қолмай, вазиятни охиригача ўрганиб, мавжуд муаммонинг ижобий ечим топишига ёрдам беради. Масалан, 8 июнь куни Андижонда “Эффект.ўз” интернет нашри мухбирига қилинган қўполликка биз шунчаки муносабат билдирмадик, балки учта аниқ масалани кўндаланг қўйдик.

Биринчиси, мана шундай ҳолатларни уюшма қатъий қоралашини маълум қилдик. Иккинчидан, Бош прокуратурадан мазкур ҳолатни ўз назоратига олишини сўрадик. Учинчидан эса, Андижон шаҳар ҳокимлигидан бу ҳолат юзасидан расман хизмат текшируви ўтказилиши ва вазиятни келтириб чиқарган ҳолат бўйича расмий муносабат берилишини талаб қилдик. Ҳар учала масала инобатга олиниб, айни пайтда ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан атрофлича ўрганиляпти. Шунингдек, Самарқандда “Тафсилот.ўз” мухбирига нисбатан куч ишлатилгани бўйича ҳам тезлик билан ўз муносабатимизни билдирдик. “Менинг юртим” телеканали мухбири ва Иштихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходими ўртасидаги ҳолатдан ҳам омма кенг хабардор бўлди. Биз билдирган муносабат юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонлар ўзаро муроса йўлини танлагани ҳақида баёнот берди. Бунга жавобан биз муроса йўлини ҳурмат қилишимизни, лекин журналист билан учрашиб, вазиятни холис ўрганиб чиқишимизни билдирдик. Воқеанинг эртасигаёқ уюшманинг Самарқанд бўлими раҳбари, сенатор, таниқли журналист Фармон Тошев мухбир билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказди. Унинг ҳокимлик матбуот хизмати ходимига ҳеч қандай даъвоси йўқлигига ишонч ҳосил қилинди. Айтмоқчиманки, бу каби ҳолатлар эндиликда мунтазам уюшма назоратида бўлади.

Журналистга тазйиқ ўтказилган ҳолатларда унга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида биз Адвокатлар палатаси билан меморандум имзолашни мақсад қилганмиз. Бу орқали қайси ҳудудда бўлмасин, журналистга тазйиқ ўтказиш ҳолати юз берса, унга, аввало, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, адвокат билан таъминлаш масаласи кўзда тутиляпти. Шуни айтиш керакки, биз нафақат мамлакатимизда, балки хорижда журналистлар билан боғлиқ юз бераётган воқеаларга ҳам муносабат билдириб келяпмиз.

— Президентимизнинг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида журналистларга тақдим этилиши назарда тутилган имтиёзлар масаласи ҳануз амалга ошмай келаётгани ҳақида нима дея оласиз?

– Оғриқли масала. Бу борада гапирганда, аввало, ушбу қарорнинг 2-банди, яъни уюшмага бино ажратиш масаласи ҳамон ечим топмаганини айтишни истардим. Айни қарорнинг 4-бандида эса, “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйсин”, дейилган. Аммо қарорнинг мазкур банди ижроси ҳам тўлиқ таъминланмади. Бу борада уюшма томонидан Тошкент шаҳри ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилинган бўлса-да, масала ечим топмаган. Қарорда кўрсатилган мана шу муҳим бандлар ижросини таъминлашга эришиш асосий мақсадимиз. Қолаверса, уюшма аъзоларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйхатга олиш бўйича уюшманинг ваколатли ташкилотлар қаторига киритилишини таклиф қилмоқчимиз. Шунингдек, журналистларнинг соғлиғини тиклаш масаласи ҳам эндиликда ижобий ҳал этилади. Уюшма томонидан журналистларимиз бу йил “Оқтош” оромгоҳига дам олишга юборилади. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида истеъдодли ёш журналистлар учун семинар ташкил этилади.

Яна бир масала. Миллий матбуот марказини том маънода журналистлар уйига айлантирмоқчимиз. Тўғри, бу ерда кўп қулайликлар мавжуд, асосийси, кутубхона, журналистлар бир пиёла чой устида суҳбат қуришлари учун имконият бор. Лекин моддий-техник базанинг бой эмаслиги туфайли журналистларни кенг қамраб ололмаяпти. Агар етарлича имконият ярата олсак, чет давлатлардаги сингари журналистлар ишдан сўнг муайян мавзу юзасидан суҳбатлашишлари, фикр алмашишлари мумкин бўлади.

— Журналистика соҳасида, айниқса, матбуотда малакали, етук кадрлар масаласи бирламчи. Соҳани етук кадрлар билан таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозим?

— Куни кеча уюшма билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Меморандумда битирувчи талабаларнинг ишга киришига кўмаклашиш, уларнинг таҳририятларда намунали амалиёт ўташи, тажриба ошириши учун “Устоз-шогирд” анъаналарини тиклаш масалаларини ўз зиммамизга олдик. Эндиликда таниқли, тажрибали журналистларнинг маҳорат мактаблари ташкил қилинади. Улар уюшмадан маош олиши эвазига бўлажак журналистларга касб маҳорати, журналистика сирларини ўргатиб боради. Зеро, назария қачонки амалиёт билан чамбарчас боғланганидагина кадрлар салоҳияти борича намоён бўлади. Шу тариқа ёш журналист кадрларнинг малакаси, тажрибасини ошириш, профессионаллигига эришишимиз мумкин.

2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар медиа тузилмалари вакиллари иштирокида Тошкентда халқаро форум ўтказишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, жорий йилда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия ва Ҳиндистон журналистлари уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Хитой, Жанубий Корея, Россия журналистлари уюшмалари билан келишилган ҳолда бир гуруҳ журналистларни шу давлатларга хизмат сафарига юбориш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси журналист кадрлар салоҳиятини ошириш, уларни замон талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда, албатта.

— Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида қандай ишлар ва чора-тадбирлар режалаштириляпти?

— Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш энг долзарб масалалардан. Бу, асосан, видео ва аудиоконтентга тааллуқли. Ўзингиз ўйланг, кимдир бировнинг мулкини ўғирласа, уни ўғри деймиз. Журналист меҳнат қилиб, тунлари бедор бўлиб яратган ижодий маҳсулотни шундоғича кўчириб олиш ҳам ўғрилик, қўпол қилиб айтганда, қароқчилик деса ҳам бўлади. Шу маънода, плагиатликка қарши курашиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳам режамизга киритилган. Бу борада жиддий иш олиб борамиз.

— Бошқа соҳа вакили бўлса-да, журналистикада самарали қалам тебратаётган, муваффақиятларга эришаётган, эркин журналист сифатида фаолият кўрсатаётганларга нисбатан уюшманинг муносабати қандай?

– Қонунчилигимизда журналист сўзига таъриф берилган. Журналист муайян бир таҳририятнинг штатида турган ҳамда журналистик маълумотга эга бўлган шахс. Бу амалдаги қонунда белгилаб қўйилган тушунча. Биз журналист шахсига шу тушунча бўйича қараймиз. Хўш, сиз айтаётган ахборот тарқатувчиларни биз қандай қабул қиламиз? Улар билан қандай ҳамкорлик қилиш назарда тутиляпти?

Қонунчилигимизда 2007 йилгача мустақил журналист деган тушунча бор эди. 2007 йилда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши натижасида мустақил журналист институти барҳам топди. Мустақил журналист тушунчасига қонунчиликда аниқ таъриф берилмаган бўлса-да, ахборот тарқатиш билан боғлиқ шахслар тушунилади. Жумладан, блогерлар ҳам шундай, ОАВ штатида турмайди, журналистик маълумотга эга эмас. Лекин 2019 йилда уюшманинг аъзоликка қабул бўйича тасдиқланган низомига кўра, мустақил журналистлар ва блогерлар ҳам аъзоликка қабул қилинади. Негаки, энди янги-янги ахборот тарқатувчилар пайдо бўлаверади, вайнерлар, блогерлар каби. Ишончли, тасдиқланган ахборотни тарқатар экан, биз уларни ўзимизнинг ҳамкоримиз сифатида қабул қиламиз. Жумладан, таниқли блогер, юрист Зафар Солижоновга Қорақалпоғистоннинг Мўйноғида амалга оширилаётган ишлар бўйича блогер нуқтаи назаридан алоҳида мақола тайёрлашни топширдик. Яна бир блогер Баҳодир Аҳмедовни юрист сифатида ишга таклиф қиляпмиз.

— Бугун ўзбек матбуотининг ҳаминқадарлиги ҳақида бот-бот қулоғимизга эшитилиб турган фикрларга муносабатингиз...

– Ўзбек матбуоти илдизи бақувват, забардаст матбуот. Зеро, Маҳмудхўжа Беҳбудийдан бошлаб Зиё Саид, Зиёд Есенбоев, Неъмат Ёқубов, Маҳмуд Саъдий, Абдулла Пўлатов сингари унинг тамал тошини қўйган кучли журналистлар бор. Ўз вақтида сўзнинг кучи, қудрати билан матбуотнинг жамиятдаги ўрнини яққол кўрсата олган бундай фахрий журналистлардан озми-кўпми сабоқ олган, уларнинг маҳорат мактабида чиниққан журналистларимиз бугун ҳам орамизда фаолият юритяпти. Фақат уларнинг улкан тажрибасии, маҳоратидан унумли фойдалана олиш, бугунги журналистикада ҳам акс эттира билиш даркор.

— Бу йилги байрам одатдагиларидан нимаси билан фарқланади? Журналистларга кўтаринкилик, шижоат бағишлаш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиляпти?

— Бу йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни жуда кўтаринки, янгича кўринишда нишонланмоқда. Шу пайтга қадар ҳар йили фаол журналистларни тақдирлаш учун 10 та асосий, 15 та рағбатлантирувчи мукофот белгиланар эди. Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан 30 та мукофот ажратилди. Байрам ўтгани билан унинг шукуҳи кетмайди. Журналистлар ўртасида мунтазам равишда спорт мусобақалари ўтказиб борилади. Узоқ йиллар таҳририятларда ишлаб, бугун кексалик гаштини сураётган отахон-онахон журналистларнинг ҳолидан ҳам мунтазам хабар олиб турилади. Уларнинг барчасининг рўйхатини шакллантирдик. Шунингдек, мустақиллик байрамига қадар ҳудудлардаги барча таҳририятларга бориб, уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиш, моддий-техник базасини бойитишга ҳомийлар орқали бўлса-да кўмаклашишни мақсад қилиб турибмиз.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Муножат МЎМИНОВА суҳбатлашди.