Президентимиз янги лойиҳалар, энг аввало, юқори қўшилган қийматли ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга, хомашё ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга, юқори даромадли иш ўринларини яратиб, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини яна бир бор қайд этди.
Лекин айрим раҳбарлар инвестиция ҳисобидан экспортни кўпайтиришни ўйлашнинг ўрнига ички бозор тўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни таклиф қилаётгани қайд этилди.
Масалан, Учқўрғон туманида 40 миллион долларлик 2 та ип-калава ишлаб чиқариш заводини қуриш таклиф этилган. Ваҳоланки, Намангандаги 110 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарадиган 24 та корхона бор. Бу вилоятда олинадиган пахта толасидан 1,5 баробар кўп.
Ёки Оҳангарон туманида 35 минг тонна базальт плиталари ишлаб чиқариш режа қилинмоқда. Бироқ республикада 12 та бундай корхона бор. Бозор топа олмагани учун 6 таси тўхтаб қолган, 1 та корхона сотувга қўйилган.
Сирдарёда 10 доллар инвестиция атиги 1 долларлик қўшилган қиймат бермоқда. Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарёдаги лойиҳаларда ҳам шу ҳолат кузатилган.
Мутасаддилар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга 2026 йилги инвестиция дастурига киритиш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг бозори, экспорти, яратадиган қўшилган қиймати ва иш ўрнини тўлиқ таҳлил қилиш топширилди.
Умуман, инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича янги тизимга ўтилиши белгиланди.
Фақат инвестиция олиб келиб, лойиҳани ишга тушириш етарли бўлмаслиги, балки ҳар бир лойиҳа тўлиқ ишлаши, юқори қўшилган қиймат яратиб, ташқи бозорга чиқишига, иш ўринларини тўлиқ сақлаб қолишига ҳам эътибор қаратилади.
Бунинг учун дастурга кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил мониторинг қиладиган «Ягона миллий лойиҳа бошқаруви» платформаси яратилади.
Ўтган йили техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, ускуна олиб келиш, молиялаш, инфратузилма, ер масаласи вақтида ҳал бўлмагани учун 55 та йирик лойиҳа кечиккан.
Шу боис, бу йилги инвестиция дастури доирасида қиймати 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олинади.