Ўзбекистон бокс терма жамоаси бунгача энг яхши натижани 2019 йил Екатеринбург мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида қайд этган эди. Тошкентдаги мусобақада ушбу рекорд янгиланди ва Ўзбекистон бокси тарихида яна бир янги саҳифа очилди.

Чемпионатда медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам биз биринчи бўлдик. Мен бу нуфузли мусобақада -57 килограмм вазн тоифасида кубалик боксчи устидан зафар қозониб, олтин медални қўлга киритдим. Қувонарлиси, жаҳон чемпионатига давлатимиз раҳбари ташриф буюрди. Бу барчамизнинг руҳимизни кўтарди. Халқимиз ва Президентимиз ишончи нафақат бу турнирда, балки барча мусобақаларда бизга куч беради.

Албатта, мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бу тарихий ғалаба ўз-ўзидан қўлга киритилмади. Бунинг ортида тинимсиз меҳнат, энг аввало, мамлакатимизда биз – спортчилар учун яратилган шароитлар ётибди. Шахсан Президентимизнинг соҳага, спортчиларга мана шундай эътибори туфайли сафимизга қўшилаётган ёшлар сони ортиб боряпти.

Қолаверса, кунда-кун ора спортчилар ва терма жамоалар муваффақияти ҳақида хушхабар эшитамиз. Буларнинг бари – Президентимизнинг спортчиларга алоҳида ғамхўрлиги ва эътибори самараси. Кўнглида истак бўлса, меҳнатдан қочмаса, спортчи ғалабага эришади, бу табиий. Бироқ, машғулотлар учун шароит, жаҳон чемпионатларида иштирок этиш учун имконият, бундан ташқари, давлат томонидан спортчиларга руҳий қувват берилиши муваффақиятга эришишда муҳим омилдир.

Чет давлатлардаги мусобақа ва турнирлар давомида тенгдошларимиз, ёшлар билан суҳбатлашсак, улар йил давомида ўқув-йиғин машғулотларида мунтазам шуғулланишимизга ҳайрон бўлади. Бу машғулотлар учун давлатимиз маблағ ажратишини, қўллаб-қувватлашини эшитиб ҳайратланади. Демак, қўлга киритилаётган ютуқлар ана шу рағбат асосига қурилаётир, десам муболаға бўлмайди.

Олдинда бизни янгидан-янги марралар, ғалабалар кутмоқда. Президентимиз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида биз ёшларга катта ишонч билдирди. Давлатимиз раҳбарининг  “Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг!..” дея бизни халқаро майдонларга чорлаши кучимизга куч, қувватимизга қувват қўшади. Ғалабалар сари етаклайди.

Бу ишонч, бу чорловдан руҳланиб, оқилона фойдаланиб, Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.

Абдумалик ХАЛОКОВ,

бокс бўйича жаҳон чемпиони