Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган республика семинарида халқ таълими ходимлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз борди.
Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев, вилоят халқ таълими бошқармаси вакиллари ҳамда педагоглар иштирок этди.
Халқ таълими вазири ўз сўзида 11 йил мактабда ўқиб, олий таълим муассасасига ҳам кира олмаган, бирор касб-ҳунарга эга бўлмаган ёшлар ҳисобига соҳаларда билимли кадрлар етишмаслиги, жамиятда ишсизлик юқори бўлиб келганлигини таъкидлади.
Ҳозирги кунда касбга йўналтиришни тизимли йўлга қўйиш учун тегишли қарор лойиҳаси тайёрланмоқда, ушбу қарорда кўзда тутилган вазифалар Яккабоғ мисолида қандай амалга оширилиши мумкинлиги ҳам таҳлил қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов:
—Бугун халқ таълими ходими, педагогларимизнинг олдига қўйилган талаблар янада ортди. Бу талаб, албатта, ўқувчига пухта билим бериш, олган билимини эртага ҳаётда қўллай олишига кўмаклашиш, мактабда 7-8-синфиданоқ бирор касб-ҳунарга тўғри йўналтириш билан боғлиқ. Мукаммал билим олган бола олий таълим даргоҳига ўқишга киради, кира олмаса ўрганган ҳунарини давом эттиради. Бугун мактаб директорлари, ўқитувчиларимиз шу нуқтаи назардан ўз устида ишлаши керак, ҳар бир мактабни битираётган ўқувчининг кейинги тақдири ҳақида ота-она билан биргаликда бош қотириши керак.

Ўқитувчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга Халқ таълими вазиридан жавоб олиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдирди. Келгусида ўқувчиларга пухта билим бериш ва касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида йўлга қўйилаётган “Яккабоғ тажрибаси”ни кенг оммалаштиришга келишиб олинди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Яккабоғ туманидаги 21- ва 37-умумий ўрта таълим мактабларида бўлиб, карантин даврида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш ва бунинг учун яратилган шароитлар, муассасаларнинг янги ўқув йилига тайёрлиги ҳолати билан ҳам танишди.


