Номзодлар дастурини обдон ўрганаман. Чунки менинг танловим шахсий бўлгани билан унинг натижаси, самараси нафақат мен, балки оилам, фарзандларим, ўқувчиларим, мамлакатим келажаги учун жуда катта аҳамиятга эга. Шу маънода, бу галги сайловда ҳам фаол бўлишга ҳаракат қилдим. Ўз позициямдан келиб чиқиб, муносиб номзодга овоз бердим.    

Ёш педагогман. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар – ёшлар сиёсати, таълим тизимидаги янгиланишлар мени беҳад қувонтиради. Ўқувчилик, талабалик йилларимизни эслайман: уйма-уй “кўтаримчилик” қилиб юриб, кийим-кечак сотган ёки олийгоҳ маоши билан оиласи таъминотини қила олмай хорижга ёлланма ишчи сифатида кетган ўқитувчилар бўлгани ҳақиқат.

Шукрки, биз янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида ўз фаолиятимизни бошладик. Бугун мамлакатимизда ўқитувчиларга эътибор кучайган. “Замонавий педагог” имижи яратилди. Дарсликлар ривожланган давлатлар тажрибаси асосида тубдан янгиланмоқда. Шароит ва имкониятлар бизни ўз устимизда ишлашга, салоҳиятимизни намоён қилишга ундайди. Мени қувонтиргани, бизга мотивация берадиган, завқ билан дарс беришга ундайдиган сабаблар бисёр. Мана шу завқ педагогга қувватдир. Завқланиб ўтилган дарс мазмунли бўлади, ўқувчиларга билим беради. Маошимизга қўшимча устамалар олаётганимиз ҳам давлатимизнинг бизга ғамхўрлиги исботидир. Инсон қадр топса, қалби шукроналикдан файзиёб бўлади, янгиланишлар, ташаббуслар уйғонади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамлангани бизни янада руҳлантирди. Бош қонунимизга кўра, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий-маданий салоҳиятини сақлаш ва бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилиши барчамизни қувонтирди. Бу жамиятимизда устоз-педагогларнинг шаъни ва обрўсини янада юксалтириш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш каби азалий қадриятларимиз бардавомлигини таъминлашга замин яратади.

Ўзбекистон янги йўлни бошлади. Ислоҳотлар янада катта қувватда давом этиши керак. Фарзандларимнинг, ўқувчиларимнинг орзу ва мақсадлари, қолаверса, бизнинг келажагимиз ёруғлиги етакчи лидер ташаббусларига, қўллаб-қувватлашига боғлиқ. Мен ана шундай тамойилдан келиб чиқиб, ўз танловимни қилдим.

Сайлов жараёни кўтаринки руҳда ўтганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Кун иссиқ бўлишига қарамай, сайлов участкаларининг салқинлаткич, ичимлик сувлари билан таъминлагани, фаолларнинг ҳар бир фуқарога алоҳида ёндашуви ва эътиборидан руҳландик. Овоз бериш жараёни тартибли режалаштирилган. Жараёнда талабалар, илк марта сайловда қатнашаётган ёшлардан то нуроний отахон ва онахонларгача фаол қатнашди. Ҳатто ўзаро суҳбатлардан уларнинг номзодлар фаолияти, дастурлари билан яқиндан танишганини сезиб, қувонасиз. Юртдошларимизнинг сайловдаги фаол иштирокини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга нисбатан юксак муносабати  дейиш мумкин.

Машҳура ОТАЖОНОВА,

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси