Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён қишлоғи сари борар экансиз, йўл бўйи манзарасидан кўз қувнаб, дил яйрайди.

Қишлоқ ўртасида “Ёшлар оромгоҳи” дам олиш мажмуаси жойлашган. Шу ерда анъанавий “Чимён-ЭХО – 2021” эко-сайёҳлик ҳамда “Чимён экстрим – 2021” қишки экстремал спорт турлари фестивали бўлиб ўтди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган тадбирда ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар ҳамда йирик корхона-ташкилотларнинг спорт тарғиботчилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Улар баскетбол, волейбол, бадминтон ва мини-футбол бўйича жамоавий ҳамда яккалик баҳсларда дўстона беллашди.

Бу галги фестиваль спорт тарғиботчилари учун мўлжаллангани иштирокчилар таркибидан ҳам маълум.

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқэтиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларда соғлом турмуш тарзи, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида спортга қизиқиши бўлган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш белгиланган эди.

Ҳозирда улар меҳнат жамоаларида иш бошлаган. Бу янги тизим. Шу боис, Чимёндаги тадбир доирасида спорт тарғиботчилари учун семинар-тренинглар ўтказилди. Ўзаро тажриба алмашиниб, иш юритиш механизми юзасидан тушунчалар берилди.

Тоғдаги ҳар бир қадам спорт, соғлом турмуш тарзига ҳамоҳанг ташланади, вақт саломатлик фойдасига ишлайди. Тадбир иштирокчилари уч кун шу кайфиятни сезиб яшади.

“Ёшлар оромгоҳи”дан 5-6 километр тепароқда тоғ осма дор йўли ва чанғида учиш учун табиий қор йўли бор. Фестивалнинг охирги кунида шу ерда тоғ чанғиси ва сноуборд бўйича ҳам мусобақалар ўтказилди. Бунинг учун маҳаллий аҳоли орасидан иқтидорли ёш спортчилар саралаб олинган экан.

Мусобақада 7 ёшдан 14-15 ёшгача бўлган болалар иштирок этди. Ўнлаб ёш чанғичиларнинг байроғимизни ҳилпиратиб, чўққидан елиб келишини кўриб, фахрланасиз.

Фестиваль концерт дастурибилан якунланди. Мусобақа ғолиблари ва барча иштирокчиларга эсдалик совғалар улашилди.

Спорт ва туризм – ўзаро уйғун соҳа. Бунга фестиваль доирасидаги тадбирларда яна бир бор амин бўлдик. 200 га яқин иштирокчи уч кун давомида қишлоқ табиати билан танишди, дала ҳовлилар шарт-шароити билан қизиқди. Бу ерга оилавий келиш истагида илиқ хайрлашилди.