Тадбиркорнинг асосий мақсадларидан бири – хориж бозорларига чиқиш. Яъни маҳсулотини маҳаллий бозордан ташқари чет элга ҳам сотиш орқали кўпроқ даромад олишни кўзлайди. Асл тадбиркор шундай бўлиши ҳам керак. Чунки бу орқали нафақат тадбиркорнинг ўзи, балки мамлакат иқтисодиёти манфаат кўради.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотида ҳам айни масала кун тартибига қўйилди. Бизнес вакилларининг халқаро майдонда ўз ўрнини эгаллаши, ўзбек бренди остидаги маҳсулотлар чет эл бозорларига фаол кириб боришини таъминлаш учун қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Муаммолар таҳлил қилиниб, аниқ ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин МАЛИКОВ билан соҳа вакилларини қийнаб келаётган масалалар, ушбу йўналишда йўлланган мурожаатлар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича илгари сурилган ташаббуслар, мамлакатимизнинг экспорт имкониятлари ҳақида суҳбатлашдик.

— Жаҳон тажрибасидан маълумки, бизнес вакилларига қанча кўп имконият берилса, эркин фаолияти учун шароитлар яратилса, давлат иқтисодиёти шунча ривожланиб боради, — дея фикрини бошлади Ё. Маликов. — Бу рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат ва охирги йилларда юртимизда ана шундай жараён кечмоқда. Яъни тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлашнинг миллий ва халқаро талаблар даражасидаги тизими яратилдики, бунинг натижасида қулай бизнес муҳити шаклланганига гувоҳ бўляпмиз.

Тадбиркорлар билан анъанавий тарзда ўтказилаётган очиқ мулоқот ҳам ўзига хос тажриба, жаҳонда муқобили йўқ ҳаракатга айланди. Бизнес вакиллари мурожаатлар орқали юрагида турган дардларини давлат раҳбарига айтяпти, таклифларини билдириб, янги ташаббусларни илгари суряпти. Бу жуда катта имконият. Масалан, ўтган йили тадбиркорлар томонидан 13 мингдан ортиқ мурожаат йўлланган бўлса, бу йил 6 мингта мурожаат келиб тушган. Аввалги йилларда аксарият мурожаатлар банк, кредит масалалари билан боғлиқ эканини кузатганмиз. Жорий йилда эса тадбиркорларни кўпроқ солиқ тизимидаги муаммолар қийнаётгани кўзга ташланди. Давлатимиз раҳбари ҳам шунга катта эътибор бериб, қўшилган қиймат занжиридаги тартибни соддалаштириб, муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни билдирди.

Ҳар гал мулоқотда илгари сурилган ташаббуслар жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани бизнес вакилларига катта кўмак беряпти. Айнан экспорт йўналиши ҳақида гапирадиган бўлсам, мулоқотлардан кейин берилган имтиёзлар натижасида охирги икки йилда корхоналаримиз томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулот хорижга чиқарилган. Жорий йилнинг иккинчи чорагида эса экспортимиз кўлами ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ўсгани кузатилди. Биргина божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилгани натижасида мазкур хизматдан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайган. Бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, шу тариқа 110 миллион долларлик қўшимча қиймат яратилган. Бу кескинлашаётган геосиёсий вазиятларга қарамай, маҳаллий экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайиб бораётгани маҳсули.

Тўғри, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш осон эмас. Аммо аввалги йиллар билан солиштирганда ҳозир бу анча соддалашган. Асосийси, нафақат йирик, балки кичик корхоналар ҳам бунинг уддасидан чиқяпти. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йили мамлакатимизда экспорт ҳажми 19,3 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, шундан 13 миллиард доллардан ортиғи кичик ва ўрта бизнесда фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан амалга оширилган.

Бу Ўзбекистондан хориж бозорларига чиқарилаётган маҳсулотлар сони ошиб бораётганидан ҳам далолат беради. Шунга мос равишда мамлакатимизнинг экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Маҳсулотларимиз доимий бозорлардан ташқари, янги манзиллар, Европа давлатларига чиқяпти. Халқаро ҳамкорликдаги алоқалар, хориж давлатлари билан дўстона муносабатлар бунга йўл очмоқда. Ўтган йили Ўзбекистоннинг экспорт географияси 120 та давлатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу рақам 160 дан ошгани бунинг исботи.

— Экспортчиларга давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида гапирдингиз. Келинг, буни амалий мисоллар билан таҳлил қилсак. Экспортчи тадбиркор бугун қанчалик давлатга суяна олади?

— Агар тадбиркорлар экспорт йўанилишида берилаётган барча имтиёзлардан хабардор бўлиб, уларни фаолиятида қўллай олса, жуда катта қулайликларни кўради. Афсуски, кўпинча бизнес вакилларининг бундан хабари бўлмайди, иш жараёнида айримлари қизиқиб ҳам кўрмайди. Шу боис, имтиёзлар фақат гапда, дейдиганлар ҳам топилади.

Ваҳоланки, экспортчи тадбиркорларга йўл ҳақи, транспорт харажатларини субсидия асосида қоплаб бериш, маълум давлатга экспорт қилаётганда гувоҳнома, сертификатларни олишдаги харажатларнинг катта қисмини давлат тўлаб бериши каби бир қатор имкониятлар мавжуд. Масалан, ипак, озиқ-овқат ва бошқа қатор маҳсулотлар экспорт қилинганда давлат томонидан транспорт харажатлари 70 фоизгача қоплаб берилади. Субсидия бериладиган маҳсулотлар рўйхати тобора кенгайиб боряпти. Яқинда мош унини ана шу рўйхатга киритиш бўйича ҳам ариза бердик. Боиси, тадбиркорларимиз шундай маҳсулот ишлаб чиқаряпти ва Кореядан харидорлар чиқиб, 22 миллион долларлик шартнома имзоланди. Аммо улар йўлкира харажатлари анча қимматга тушишини айтишди. Агар мош унини ҳам субсидия бериладиган маҳсулотлар қаторига киритсак, тадбиркор уни экспорт қилишда катта маблағни тежаб қолади.

Яна бир масала, Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилинганда, халқаро аккредациядан ўтган лабораторияларга намуналар берилади. Бу ҳам катта харажат талаб қилади. Ҳозир ушбу харажатларнинг ҳам бир қисмини давлат тўлаб беряпти. Тадбиркор бирор чет давлатга бориб, кўргазмада иштирок этадиган бўлса, кўргазма павильонларига тўланадиган маблағнинг бир қисми Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланяпти. Бошқа давлатларда қилинадиган реклама харажатлари учун ҳам давлат белгиланган тартибда пул тўлайди.

Ёки яна бир мисол, бошқа давлатда савдо уйи очиш учун олинган бинонинг 50 фоизи давлат ҳисобидан қопланаяпти. Ҳатто, савдо уйи учун олинадиган омборхонанинг ҳам 50 фоизини давлат тўлаб беради. Қаранг, экспортчи тадбиркорлар учун қанча имконият мавжуд. Агар буни реал суммаларда таҳлил қилсангиз, бизнес вакили тежаб қолаётган харажатлар кўлами яққолроқ намоён бўлади.

Бу биргина йўналишдаги имтиёзлар, холос. Соҳанинг деярли ҳар бир тармоғида ишбилармонларга шундай имкониятлар назарда тутилган. Уларни ўрганиб бориш, фойдалана билиш бизнес вакилларининг ўзига ҳам боғлиқ. Яъни бугунги тадбиркор кўпроқ ўз устида ишлаб, жуда фаол бўлиши кераклигини замон талаб қиляпти. Бунга икки хил назар билан қарасак бўлади. Аввало, ҳозир рақобат жуда кучли ва тадбиркор доим ҳушёр бўлиб, бошқалардан икки қадам олдинда юрсагина, ютуққа эришади. Бошқа томондан, ҳозирги тадбиркор иш юритиш, бирор маҳсулотни ишлаб чиқаришга илм билан ёндашиши керак бўляпти. Кўр-кўрона иш бошлаш билан олдинга юролмайди.

— Бу жараёнда Ўзбекистон Экспортчилар уюшмасининг ўрни ва роли қандай? Яъни тадбиркорлар уюшма кўмагини қанчалик сезишмоқда?

— Бугунги кунда  уюшмамиз давлат ва тадбиркор ўртасидаги воситалачилардан бири, десак хато бўлмайди. Фаолиятимизнинг асосий йўналиши экспортчи ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, юртимизда уларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланишларида ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан кўмаклашиш, янги бозорларни очиш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшишдан иборат. Шу мақсадда уюшма 4 мингдан ортиқ маҳаллий экспортчини бирлаштириб, доимий мулоқотни йўлга қўйган. Уларнинг орасида деярли барча тармоқ тадбиркорлари бор.

Тадбиркорларимиз етиштирган, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар учун муқим бозорлар топишга ҳаракат қиляпмиз. Турли давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Мунтазам тарзда янги бозорлар излаймиз. Сўнгги вақтларда араб давлатларига чиқишни бошладик. Қолаверса, Индонезия, Миср орқали Африка давлатларига кириб боришга интиляпмиз. Боиси, Африка давлатларида 1 миллиарддан ошиқ аҳоли бор, бу жуда катта бозор, дегани. Ушбу давлатларда хизмат сафарида бўлганимизда, юртимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш моллари, қуритилган мева-сабзавотлар, ипак толадан тайёрланган маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирилаётганини кўриб, кузатдик.

Ўзбекистонда экспортбоп товарлар жуда кўп. Фақат уларни кўпроқ давлатга намойиш эта олишимиз керак. Бу борада доимий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро кўргазма, форумларларнинг алоҳида ўрни бор. Булар бирданига натижа бермаса ҳам, пойдевор қўйиб борилади, янги ҳамкорликларга асос бўлади, катта шартномаларга йўл очади. Асосийси, бу тадбирлар тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини хорижликларга намойиш этишида катта майдон бўлиб хизмат қилади. Масалан, Экспортчилар уюшмаси томонидан 2020 йил бошида юртимиз тарихида биринча марта ўтказилган Ўзбекистон–Афғонистон бизнес форумини олайлик. Ўшанда 300—400 турдаги маҳсулот кўргазмасини ўтказганмиз. Афғонлар Ўзбекистонда шундай маҳсулотлар ишлаб чиқариляптими, деб ҳайратда қолишган. Бу кейинги йилларда ўз натижасини бера бошлади. Афғонистонга қандолат, макарон, сақич маҳсулотларимизнинг катта миқдордаги экспорти йўлга қўйилди. Бундан, албатта, тадбиркорларимиз манфаат кўряпти.

Хориж давлатларида Ўзбекистоннинг савдо уйларини очиш ҳам йил сайин кенгайиб боряпти. Ҳозир Қозоғистон, Тожикистон, АҚШ, Германия каби қатор давлатларда савдо уйларимиз бор. Қирғизистонда бунинг учун катта бино қурилиши бошланган. Ҳатто, тадбиркорларимизнинг ўзлари барча талабларга риоя қилган ҳолда, давлатимиз томонидан берилаётган субсидиялардан фойдаланиб бошқа давлатларда савдо уйларини очмоқда. Ўша ерда ўз маҳсулотларини сотиш орқали, экспорт ҳажмини оширяпти. Бунда уларга бошқа имтиёзлар ҳам бор. Яъни тадбиркор ҳужжатларни расмийлаштираётганда маҳсулоти савдо уйларига чиқарилаётганини киритса, божхона тўловларини маҳсулот сотилгандан кейин тўлаш имкониятига эга бўлади. Агар маҳсулотнинг муддати ўтиб кетса, ҳеч қандай тўловсиз Ўзбекистонга қайтариши ҳам мумкин. Бу ҳам тадбиркорга анча қулайлик беради.

— Экспорт борасида муаммолар ҳам ҳали етарлича экани сир эмас. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти олдидан уюшма ва унинг аъзолари қандай масалаларни ўртага ташлади?

— Экспортчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида бир қанча таклифларни тайёрладик. Шулардан энг каттаси солиқ бўйича эътирозлар эди. Гувоҳи бўлганимиздек, давлатимиз раҳбари томонидан бу борада аниқ ташаббуслар айтилди. Логистика борасидаги муаммолар ҳам бирин-кетин ечилмоқда. Энг мақбул вариантлар кўрилиб, амалиётга жорий этиляпти.

Ўзбекистоннинг хориж давлатларидаги элчихоналарида юртимизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг миллий павильонини ташкил этиш таклифини ҳам бердик. Уларда маҳсулотларимиз намуналари қўйилса, тадбиркорларга анча қулай бўлади. Масалан, ҳозирги кунда араб давлатлари қандолат маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдиряпти. Бир тадбиркоримиз Саудия Арабистонига бир неча маротаба ўз маҳсулоти намуналарини жўнатди. Икки килограмм маҳсулотни халқаро почта орқали Саудия Арабистонига жўнатиш 500–600 долларгача тушяпти. Тасаввур қилинг, ўнта мижозга 2 килограммдан маҳсулот жўнатиш қанчага тушади? Агар шу маҳсулотлар элчихоналаримизда турса, хорижликлар бориб, бемалол намуналар билан таниша олади.

Экспортдаги яна бир масала бизда халқаро аккредитациядан ўтган лабораторияларнинг йўқлиги. Шу сабабли, кўп турдаги маҳсулотларимиз хорижга чиқа олмаяпти. Мисол учун, Кореяга асал экспорт қилмоқчимиз, лекин уларнинг рўйхатидан ўтган лаборатория бизда йўқлиги учун, маҳсулот сифатини текшириб, уларнинг мамлакатига олиб кира олмаяпмиз. Бунинг учун Ўзбекистонга халқаро аккредациядан ўтган лабораторияларнинг филиалларини олиб келишимиз керак. Шунда маҳсулотлар хулосаларини олиб, кўпроқ давлатга тақдим қила оламиз. Бу хориждаги лабораторияларда маҳсулот сифатини текширтиришга кетадиган харажатларни тежаб қолишга ҳам имкон беради.

Яна бир масала, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намунаси турадиган жой йўқ эди. Хорижликларга маҳсулотларимизни кўрсатиш учун турли ҳудудлардаги завод-фабрикаларга олиб боришимизга тўғри келади. Бу бир неча кун вақт ва ортиқча харажат талаб қиларди. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан Экспорт марказини ташкил этиш белгиланди. Куни кеча, 15 август куни Тошкент шаҳрида Сингапур университети билан ҳамкорликда Экспорт марказини очдик. Доимий ишлайдиган мазкур шоурумдан она диёримизда етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар жой олади. Ҳозиргача 200 турдаги маҳсулотни жойлаштирдик. Уларнинг олдида ишлаб чиқарувчи ҳақидаги барча маълумотлар қўйилган. Энди хорижлик импортчиларни шу ерга олиб келяпмиз, музокаралар ҳам шу ернинг ўзида олиб борилади. Биз у ерда тадбиркорларга экспорт бўйича давлат томонидан бериладиган ёрдамларни айтиб, амалий кўмаклар кўрсатамиз. Бу имкониятлар экспорт кўламини янада оширишга йўл очади.

Соҳани янада ривожлантириш учун кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Боиси, кўп тадбиркорларнинг экспортда уқуви йўқлиги, уларга аниқ амалий ёрдам кўрсатадиган бўлимлар мавжуд эмаслиги қийнайди. Бундай бўлимларни ташкил этиш учун эса кадрлар етишмайди. Бу бўшлиқни тўлдириш учун уюшмада кадрлар тайёрлашни бошладик, экспорт бўйича ўқув курсларни йўлга қўйдик. Олий таълимда ҳам экспорт бўйича дарслар кўпроқ амалиётда ўтказилса, кадрлар захираси тезроқ шаклланади. Кадрлар кўпайса, тадбиркорларга кўмак ошиб, экспортчилар сафи янада кенгаяди.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.