Жумладан, келгусида институт миқёсида ўзбек тили, рус тили, инглиз тили, математика ва информатика ҳамда умумий педагогика фанларидан олимпиадалар ва “Янги Ўзбекистон — ёшлар келажаги” онлайн иншолар, “Ўзбекистон — ёшлар мамлакати” мавзусида видеороликлар, ватанпарварлик мавзусида қўшиқлар, ифодали аудио ўқиш, расмлар, робототехника ва педагогик фаолият инновациялари мавзусида илмий мақола ва тезислар, стартап лойиҳалар сингари қатор танловлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳар бир талабанинг инновацион ғоялари, яъни стартап лойиҳалари учун 5 миллион сўмдан бериш мўлжалланган. Ушбу танловларда талабаларни рағбатлантириш учун жами 51 600 000 сўм пул ютуқлари ажратилди. Шу билан бирга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан юртимиздаги барча олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун ўқув курслари ташкил этилади.
Ушбу ўқув курслар давомида профессор-ўқитувчилар кредит-модуль тизими асосида таълим жараёнини ташкил этиш, кредит-модулда талабалар мустақил иши, дарс ўтишда педагогик усуллар, таълим жараёнини рақамлаштириш, дарс ўтишда илмий ёндашувлар, баҳолаш мезонлари, шахсий электрон кутубхона яратиш, масофавий таълим, фан дастури ва силлабус тайёрлаш, илмий базадаги халқаро рейтинги юқори нашрларда илмий мақола чоп эттириш каби мавзуларни ўқиб ўрганмоқда.
Мазкур тизимнинг олий таълимга жорий қилиниши ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга барҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратади, дейилади Қарши давлат университетининг Педагогика институти матбуот хизмати хабарида.