Сув — ҳаёт манбаи! Тирикликни унингсиз тасавур этиб бўлмайди. Мутахассис ва олимларнинг фикрича, инсон танасининг 60 -70 фоизи сувдан иборат. Йилига ҳар бир одам 60 тоннагача сув истеъмол қилади. Ҳаво салқин бўлса, сувсизликка энг узоғи билан 11 кунгача чидаш мумкин, иссиқда одам ташналикка уч кунгина бардош бера олади.
Ҳозир дунёда 1 миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг еттидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Ҳозир Ер юзида сал кам икки ярим миллиард киши сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ҳудудларда истиқомат қилади. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига 10 миллиондан ортиқ киши нобуд бўлаяпти...
Ана шу рақамларнинг ўзи сувнинг одам ҳаётини яхшилаш, узоқ умр кўриш ва бошқа табиий ресурсларни сақлашдаги аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.
Халқимиз азалдан ҳар қандай. қийинчилик ва муаммога сабру қаноат билан ёндашиб, уларнинг ечимини топган, шукуроналик билан яшаб келган. Бу жиҳатлар ичимлик сув таъминоти масаласида ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, Тошкент туманидаги “Кўксарой” фуқаролар йиғинига қарашли қишлоқлар аҳли учун илгарилари Зоғариқдан оққан сув асосий манба бўлган. Куз-қиш ойларида эса, бу вазифани бажариш маҳаллалардаги ҳовузлар зиммасига тушган.
Туманимизга ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ўрталарида ичимлик сув қувурлари тортиб келинди. Афсуски, аҳолининг хурсандчилиги уч-тўрт йилга ҳам етмади. Аввалига сув ҳафтада бир – икки марта, кейинчалик ойда бир келадиган бўлди. Ўша кезларда яна Зоғариқ каналининг суви жонимизга оро кирди.
2000 йилда маҳалламиздаги фидойи инсонларининг елиб югуришлари туфайли Тошкент ҳалқа йўли ёнидан ўтган қувурдан маҳалламизга ичимлик сув тортилди ва муаммо муайян муддатга ҳал этилди. Ўтган 22 йил мобайнида аҳолининг кескин кўпайиши яна сув муаммосини долзарб масалага айлантирди, хонадонларга ҳафтасига бир-икки марта навбат билан сув бериладиган бўлинди.
Президентимизнинг 2017 йил 3 мартдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш (1 босқич)” лойихасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарори наинки маҳалламиз, балки бошқа туманлар аҳлини жуда мамнун қилди. Чунки, унда Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманлари аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки кредити хисобидан 120,9 миллион, Ўзбекистон Республикасининг 22.9 миллион, жами 143.8 миллион АҚШ доллар қийматига тенг бўлган лойиха ишларини амалга ошириш белгиланган эди.
2019 йил март ойида учта туманга сув етказиб беришга мўлжалланган “Қодирия” сув иншооти қурилиши бошланган эди. Айни дамда бу ерда марказий сув тармоқларини ётқизиш, фильтрлаш, бактериологик лабораториялари, иншоотнинг асосий қисмларини бунёд этиш ишлари олиб борилмоқда. Унинг қуввати суткасига 100 минг куб метр сувни қайта ишлаш имконига эга. Сувни тозалаш 6 босқичдан ўтказилади, Бўзсув каналидан тортиб олинаётган оби-ҳаёт манбаси шу ернинг ўзида гидрохлорид натрий билан тозаланади. Тоза сув захирасини сақлайдиган махсус жой ҳам қуриляпти.
Лойиҳадаги ишларнинг амалга оширилиши натижасида 49256 та хонадонларга сув ўлчагич ўрнатиш, ҳамда 265 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган. объект фойдаланишга топширилгандан кейин вилоят аҳолисини ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 60 фоиздан 92 фоизгача ошади. Шундай қилиб, 58 та маҳалла тоза ичимлик сувига эга бўлади.
Тошкент тумани худудида 150 километр ичимлик сув қувурлари тортилди,тўртта сув ҳавзасида қурилиш ишлари давом этяпти. Келесдаги шундай иншоот эса қайта таъмирланмоқда.
Туманимизда ташкил этилган жамоатчилик назорат груҳи тузилган. Унинг таркибида туман кенгаши депутатлари, маҳалла раислари ва фаоллар бўлиб, сув қурилиши кетаётган жойлардаги ҳолат, иш сифатини кузатиб боряпти.
Иншоотларнинг ўз вақтида ва сифатли қурилиши элимизнинг олис йиллик армонларининг ушалишига, инсон қадрининг янада кўтарилишига, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжининг тўла таъминланишига хизмат қилади.
Мирислом УСМОНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент тумани кенгаши депутати,
меҳнат фахрийси