Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлди. Ўтган даврда ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш учун 311 та қонун қабул қилинди, шундан 80 таси мутлақо янги қонунлар.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида сўнгги йиллар давомида давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини давлат сиёсатини амалга оширишда фаол жалб қилиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, афв институтининг тикланиши, фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакат фуқаролигининг берилиши, Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан ватандошларни қайтариш бўйича «Меҳр» акциялари каби халқимизнинг ҳаётига туб ўзгариш олиб кирган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Биргина судлар мустақиллигини таъминлаш йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди, жумладан 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, қолганларига жиддий ўзгартиришлар киритилди. «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди. Судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилди.
Давлат органлари қарорлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилиб, кейинчалик унинг тизими мақбуллаштирилди. Мисол учун, 2017—2020 йиллар ва 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан 67 минг 989 та ариза кўрилиб, шундан 44 минг 387 таси, яъни 65 фоизи қаноатлантирилган. Жумладан, ҳокимларнинг 5 минг 337 та қарори ноқонуний деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Ўтган 5 йилда иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатига 181 605 та ишлар ҳал этилиб, улар фойдасига 7,4 триллион сўм ундирилган.
Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган бундай хайрли ишлар кўлами тобора кенгаймоқда Бунинг натижасини ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаёти мисолида ҳис этмоқда. Бу эса бугун жамиятимизда кечаётган янгиланишлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш устувор йўналишга айланганини яққол ифода этади.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро индекс ва рейтингларидаги ўрни ҳам яхшиланяпти. Хусусан, жорий йил 14 октябрь куни Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project) ташкилоти томонидан эълон қилинган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йилги нашрида Ўзбекистон 14 поғона юқорилади. Жорий йилги нашрда Ўзбекистон учун берилган баҳолар 4,1 фоизга кўтарилиб, бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди.
Мулоқотда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар таҳлил этилди. Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, ечимини кутаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ долзарб вазифалар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.
Баҳор ХИДИРОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири