Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Ўзбекистон Республикаси Фахрийлар кенгаши раиси Қ.Аминжонов,  Вазирлар Маҳкамаси бош мутахассиси У.Якубов, фахрийлар, ота-оналар, мактаб педагогик жамоаси ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар ўтган қисқа даврда, Миллий гвардия тизимидаги узлуксиз таълимни ривожлантириш, олий ва ўрта махсус таълим сифатини янада яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани ва бунинг амалий натижасини "Темурбеклар мактаби" ва Ҳарбий мусиқа академик лицейи мисолида ҳам кўриш мумкинлигини таъкидлашди.

Шундан сўнг ўқувчиларга таълим муассасаларини муваффақиятли тамомлаганликлари учун тантанали равишда дипломлар топширилди. 

Абдулхафизов Сардор (Темурбеклар мактаби битирувчиси):

— Мен Миллий гвардия "Тошкент Темурбеклар" мактабида ўқиб билим олганимдан беихтиёр хурсандман. Икки йил давомида малакали устозлар, офицер ва сержантлардан билим ва кўникмаларни олдим. Замонавий шароитда ўқишга мушарраф бўлдим. Мактабни 22 нафар имтиёзли диплом билан тамомлаган ўқувчилар қаторидан жой эгалладим. Келгуси ўқишимни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида давом эттирмоқчиман. Мен Миллий гвардия сафларида Ўзбекистон республикаси Халқига ва Президентига содиқ хизмат қиламан.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент "Темурбеклар мактаби" битирувчи ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича сўнгги йилларда 97.2 фоизни ташкил этиб республикамизда барча ҳарбий академик лицейлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари ҳам республика миқёсидаги "Санъат ғунчалари", Бразилия, Италия, Озарбайжон, Россия, Руминия, Қозоғистон каби давлатларда ўтказилган халқаро даражадаги нуфузли танловларда ғолибликни қўлга киритиб, лауреатлик унвонларига сазовор бўлдилар. Бундан ташқари ўқувчилар спортда ҳам қатор ютуқларни қўлга киритишиб улгуришган. Жумладан улар Марказий Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида 6 та олтин, 4 кумуш, 6 та бронза медалларига сазовор бўлишган.

Эслатиб ўтамиз, Миллий гвардия "Темурбеклар мактаби" ва Ҳарбий мусиқа академик лицейини тамомлаган ўқувчиларга келажакда ҳарбий олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун 30 фоиз, бошқа таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 15 фоизли имтиёз берилади.
Ҳар иккала таълим муассасалари битирувчиларига келгуси ўқишларида омад ва зафарлар тилаймиз.

 Жасур ШЕРМАТОВ,

Миллий гвардия Ахборот хизмати катта офицери
Капитан