Муддатли ҳарбий хизматни ўташ ёшлар учун муваффақият йўлига айланиши кераклигига алоҳида урғу берилди. Эндиликда муддатли ҳарбий хизматнинг янги модели шаклланади. Бу орқали армиядан қайтган ҳар бир аскар касбий кўникмага эга бўлади.

Жойларда бу борадаги ҳаракатлар бош­лаб юборилди. Жумладан, Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси касб- ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўймоқда. Айни пайтда муддатли ҳарбий хизматчилар компьютер графикаси оператори, автомо­билларни таъмирловчи чилангар, пайванд­ловчи ва сартарошлик каби замонавий ҳам­да талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича сертификат олишга тайёрланмоқда.

Касбий таълим агентлиги Фарғона ви­лояти бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов берган маълумотлар вилоятда юқоридаги топшириқлар ижросига жадал киришилганини кўрсатади.

— Энди муддатли ҳарбий хизматчилари­миз нафақат ҳарбий хизмат қилади, балки ўз иқтидори доирасида биттадан касб эгаси ҳам бўлиб кетади, — деди Т.Бойматов. — Албат­та, ҳозирги кун талаби — ахборот техноло­гиялари соҳаси. AT, хорижий тилсиз бугунги ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун бу йўналишларга малакали мутахассис­ларни жалб қилганмиз. Улар муддатли ҳарбий хизматдаги аскарларимизга таълим-тарбия беришга тайёр.

Касбий таълим Фарғона вилояти бош­қармаси негизидаги 67 та техникум ва касб- ҳунар маркази имкониятларидан фойдалан­ган ҳолда ҳарбий хизматчиларга чилангар, пайвандловчи, компьютер техникаси опе­ратори, шунингдек, маркетинг бўйича му­тахассис, кадрлар ва махсус ишлар бўйича инспектор, официант, автомобилларни таъ­мирлаш чилангари, AutoCad дастурчиси, сартарош ва электромонтёр каби касб-ҳу­нарлар ўргатилмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматчи Самандар Турсунов аскарларнинг машиналарга тех­ник хизмат кўрсатиш, сантехниклик бўйича касб-ҳунар эгаллаётганидан мамнун.

— Бу ҳунар бизга келажакда ўз ишимиз­ни, ўрнимизни топишимизда ёрдам беради. Чунки ҳамма аскарлар ҳам муайян касбни эгаллаб улгурмаган. Хусусан, ўзим ҳарбий хизмат даврида техникага хизмат кўрса­тишни ўрганяпман, шу йўналиш бўйича ўқияпман. Қисқа муддатда ишга қўлим ке­либ, малака, тажрибам ошиб боряпти, — дейди аскар.

Шарқий ҳарбий округ Фарғона гар­низонидаги ҳарбий қисмларда муддатли хизматни ўтаётган аскарлар учун Фарғона шаҳридаги 4-техникум билан ҳамкорликда касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўргатиш­га қаратилган ўқув машғулотлари йўлга қўйилди.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қў­мондони ўринбосари, полковник Меҳрид­дин Қўчқоровнинг айтишича, 2025-2026 йилда хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчиларни икки ой мобайнида касб- ҳунарга, қолаверса, чет тилларга ўргатиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, Шар­қий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятла­рида ҳам муддатли ҳарбий хизматчиларни айнан шу йўналишларда ўқитиш устида ишланяпти.

Фарғона шаҳридаги 4-техникум ди­ректори Равшан Умаров эса бугун ҳарбий хизматчиларга ҳам хизмат қилиш, ҳам касб эгаллаш имкони берилгани улар орқали жамиятга сезиларли манфаат келтиришини таъкидлади. Унинг айтишича, техникумга энг охирги русумдаги дастгоҳлар келти­рилган. Халқаро таълим дастурига тушган тўртта йўналишда 120 аскарга малакали, илмий даражаси бор ўқитувчилар дарс беряпти. Бу эса аскарларнинг бўш вақтини маз­мунли ташкил этиш, келгусидаги касбий фаолиятига мустаҳкам пойдевор яратади ҳамда ҳарбий хизматдан кейинги ҳаётга мослашувини осонлаштиради.

Муддатли ҳарбий хизматчи, оддий ас­кар Шоҳрух Ёқубов АT ва ҳарбий хизматда керак бўладиган киберхавфсизлик бўйича малака оширяпти. У яратилаётган бугунги шароитлар ёшларнинг армияга қизиқиши­ни оширишга хизмат қилиши ҳақида ишонч билан гапирди.

Муддатли ҳарбий хизматчиларни меҳнат бозорида талаб юқори касбларга йўналти­риш мақсадида қисқа муддатли ўқув курс­ларига жалб этиш ишлари барча ҳудудларда жадал олиб бориляпти. Зеро, бу ўз вақтида ва тўғри ўйланган эзгу ташаббуслардан бири бўлди. Бугун ҳам ҳарбий хизматни ўтаб, ҳам касб-ҳунар эгаси бўлиб кетиш нечоғлиқ манфаатли эканини ёшлар яхши билади.

Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қарши шаҳри­да жойлашган Касбий кўникмалар маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида муддатли ҳарбий хизматчилар белгиланган тартибда икки ойлик қисқа муддатли ўқув курсларида таҳсил олмоқда. Айни пайтда улар электромонтёр, чилангар ҳамда сантехник йў­налишлари бўйича касбий билим ва амалий кўникмаларни эгалламоқда.

Қарши шаҳридаги Касбий кўникмалар маркази бош мутахассиси Ҳулкар Рўзиқуло­ва марказнинг Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси билан касбга ўқитиш борасида меморандум имзолага­нини маълум қилди. Мақсад — муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга ўқитиш, ҳар­бий хизматдан қайтганларни иш билан таъ­минлаш. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган муддатли ҳарбий хизматчиларга давлат намунасидаги сертификатлар топ­ширилиши режалаштирилган. Бу уларнинг ҳарбий хизматдан сўнг доимий иш билан таъминланишига кенг имконият яратади.

Муҳим жиҳатлардан бири, аскарларнинг ўқувларни якунлаганлик бўйича серти­фикатлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида расмийлаштирилади. Хизматни тугатган ёшлар нафақат мамлакатимизда, балки хо­рижий давлатларда ҳам ўз касби бўйича ишлаши мумкин.

Ҳарбий хизмат даврида касбга ўқитиш тизими жорий этилиши бир неча муҳим масалаларга ечим бўлади. Юқорида ай­тилганидек, ёшларнинг ҳарбий хизматни ўташга қизиқиши сезиларли даражада ор­тади. Хизматни тугатиб қайтганларнинг ишсиз қолиш хавфи камаяди. Зеро, касб- ҳунарли ёшларда ўз кучига ишонч ортади. Уларда тадбиркорлик ёки меҳнат фаолия­тини бошлашга интилиш кучаяди. Бу эса камбағалликни камайтириш, оилалар фаро­вонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳара­катларимиз самарадорлиги янада ортишини таъминлайди.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири