Тадбирни ташкил этишдан мақсад ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, йигит-қизларни ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан таништиришдир. Тадбирда пойтахтимизнинг А.П.Хлебушкина номидаги 22-сонли Меҳрибонлик уйининг тарбиячилари ва тарбияланувчилари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчилар, курсантлар, Вазирлик матбуот хизмати ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида ёшлар Академия курсантларининг кундалик ҳарбий хизмат фаолиятини ҳис қилган ҳолда реал кунлик ҳарбий хизматни ўташ тартиби асосидаги юқори савияда ташкил этилган сценарий бўйича эрта тонгдан то кечга қадар яқиндан танишдилар.

Тадбир аввалида Академиянинг кун тартибига мувофиқ, курсантларнинг эрталабки “Уйғон” командасидан бошланадиган хизматга киришган бир гуруҳ ёш ҳаваскор ҳарбийлар, аввало, ётоқхона ўрин жойларини тартибга келтириш ҳамда эрталабки бадантарбиядан бошлашди. Сўнгра ювиниш, эрталабки нонушта, саф тайёргарлиги жараёнлари уларни бу соҳага янада қизиқишини уйғотди.

Шундан сўнг махсус ўқув ҳарбий қурол-аслаҳалар ва куч воситалар, ёнғин ва қутқарув хизматида фойдаланиладиган техникалар, махсус асбоб-анжомларнинг кўргазмали намойишлари, курсантлар иштирокидаги ўқув минорасининг 4-қаватидан ўз-ўзини қутқариш ҳамда ишғол қилиш нарвони ёрдамида 4-қаватга кўтарилиш машқининг намойиши, курсантлар томонидан ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича жанговар ёйилиш, махсус ёнғин-қутқарув автомобиллари орқали кўргазмали намойиши ҳамда курсантлар спорт турининг қўл жанги бўйича чиқишлари ёшларнинг ҳарбий соҳага ва қутқарувчилик касбига бўлган қизиқишларини янада ошишига сабаб бўлди.

Айниқса, мардлик, жасурлик, фидойилик ва матонат каби фазилатларни ўз ичига олган фильмлар намойиши, шунингдек, Академиянинг оркестр жамоаси томонидан ижро этилган жонажон Ватанимизни мадҳ этувчи куй -қўшиқлар уларнинг истеъдодини намоён қилишга ундади, десак муболаға бўлмайди. Ёшларнинг ижодкорлигини намоён этувчи куйланган тароналар барчанинг қалбида илиқ тасссурот қолдирди. Тушликдан сўнг турли тўгараклар мисолида ташкил этилган соҳага тааллуқли ва бадиий китоблар мутоаласи, дўстона спорт мусобақалари ҳамда ҳаваскор ижодкорларни ўз ичига олган қизиқарли машғулотлар уларни яна бир бор ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан ёшларга Академия раҳбариятининг сертификатлари ва ташаккурномалари ҳамда эсдалик совҳалари тантанали топширилди.

─ Бугунги кунда ёшларимизда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, Она-юрт тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, уларни ўз касбига садоқатли ва ҳар томонлама етук кадрлар этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиздир дейди ─ подполковник Тўлқин Ражабов ─ ёш авлод вакиллари билан ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни тизимли олиб бориш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар замирида ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган иштиёқини янада ошириш мақсади мужассам.

Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,

Академия катта ўқитувчиси