Маълумки, қоидабузарликларнинг турлари кўп. Лекин улар орасида шундай бир тури борки, у ҳаёт учун анча хавфли ҳисобланади. Бу транспорт воситаларини тегишли рухсатсиз қайта жиҳозлаш қоидабузарлигидир.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати хабарига кўра, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан ушбу қоидабузарлик юзасидан бир кунлик рейдлар ўтказилди. Барча ЙПХ инспекторлари бор эътиборни ушбу қоидабузарликни аниқлашга қаратдилар. Ўтказилган рейд тадбирлари давомида тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган 21 та транспорт воситаси ҳайдовчиларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Буларнинг 18 ҳолатда юк транспортлари борт қисмини тегишли рухсатномасиз кўтариб қайта жиҳозланганлиги, бир ҳолатда белгиланган тартибда тегишли рухсатномасиз транспорт воситаси тури ўзгартирилганлиги, 2 ҳолатда белгиланган тартибда ЙҲХ хизматидан рўйхатдан ўтмаган газда ишлаш учун рухсатсиз қайта жиҳозлаб, газ баллон ўрнатиб олганлиги аниқланди.
Ушбу ҳайдовчиларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 3-қисмига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарималар белгиланди.
Ҳар бир транспорт воситаси уни ишлаб чиқарган завод талабларига мос бўлиши шарт. Агар транспорт воситасини қайта жиҳозлаш керак бўлса, бу иш тегишли рухсатнома олинганидан сўнг, қайта жиҳозлашни амалга оширишга рухсати бўлган устахоналарда бажарилиши керак. Чунки бундай устахоналарда малакали усталар ишлаши билан бирга қайта жиҳозлаш учун зарур бўлган техникалар ҳам мавжуд. Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда эса бу жуда ҳам муҳим.