Йиллар давомида шуни тушундикки, ютуқлар ҳикмати вақтни тўғри тақсимлашда экан. Шу боис асл устозлар шогирдларига, аввало, ҳар бир инсон учун олтиндан қимматли неъмат бўлган вақтни қандай қилиб тўғри тақсимлаш кераклигини ўргатишга шошилади. Шахмат бу борада энг улуғ устоздир.
Кўкламнинг илк кунларида шахмат ихлосмандларига тақдим этилаётган “Тафаккурнинг 64 нуқтаси” номли китобимизда ана шу ҳақда, у инсонга, биринчи навбатда, вақтнинг қанчалик бебаҳо неъмат эканини англатиб туриши хусусида сўз юритилган. Шу боис ушбу мўъжаз асаримизни ўқиган китобхон вақтни қадрига етиб, унинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш, “ақл гимнастикаси”га ошно тутинишига туртки бўлишидан умидвормиз.
Аслида, шахмат ҳақида калом айтиш осон иш эмас. Зеро, шахмат – илм, шахмат – санъат, шахмат – спорт. Асрлар давомида инсонни эзгуликка чорловчи уч жиҳатни ўзида мажассам этган машғулот сифатида алоҳида қадрланади.
Қўлингиздаги мўъжазгина рисола устида шахмат фидойилари, шахмат бўйича кўплаб турнирлар ташкилотчиси ва ҳомийси Анвар Шукуров, академик Бакриддин Зарипов билан биргаликда меҳнат қилдик. У кенг китобхонлар оммаси, барча шахмат ихлосмандлари учун наф келтиради, деган умиддамиз.
Шахмат олами – ўзига хос дунё. Бу олам бир вақтнинг ўзида барчаники ҳамдир. Шахматнинг одамни тарбиялашда, оламни англашда ҳиссаси бениҳоя каттадир. Биз кўп кузатган, кўп шуғулланган инсон сифатида биринчи омили – ҳалолликни, адолатни тарбиялашини таъкидлашни истар эдик.
Шахмат ғирромликни кўтармайди. Шахмат фақат ва фақат ақлга ишонишни ўргатади. Шу асосда тарбияланган боладан биз кутган авлод – учинчи Ренессанс бунёдкорлари чиқади. Бинобарин, бу китобда сиз ҳаёт фалсафасини ўқийсиз, илм ва тафаккурни чархлайсиз.
Муртоза РАХМАТОВ,
сенатор