Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кириб келаётган янги 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном беришни таклиф қилгани кўнглимизни осмон қадар шодлантирди. Мурожаатномани ойнаи жаҳон орқали тинглаш асносида, унда ҳар бир соҳа бўйича амалга оширилиши мўлжалланган ислоҳотларнинг ишлаб чиқилгани ва уларнинг амалиётга жорий этиш учун таклиф этилгани, айниқса, олий ва ўрта махсус таълими тизимига жорий этиладиган ишлар ҳақида айтилганида юртимизнинг барча фидоий маънавиятчилари, зиёлилари қатори менинг ҳам юрагим тўлқинланиб кетди.

Айниқса, 2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, жумладан, зиёлилар зиммасида турган улкан ва масъулиятли вазифалар борлиги ва ушбу вазифалар ижросини аъло даражада таъминлаш учун устоз-мураббийларимиз асосий кучлардан бири бўлиши кераклиги  ҳар бир профессор-ўқитувчининг улкан мақсадига айланмоғи зарурлигини англаб етдим.

Олий ва ўрта махсус таълим тизимида фаолият олиб бораётган зиёли инсон сифатида Мурожаатномада кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилганлиги айни муддао бўлди. Шунингдек, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши, 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарга бириктирилиши ҳам ота-оналаримиз ва мураббийларимиз кўнглидаги иш бўлди. Зеро, шу кунгача ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши жараёнида талайгина муаммолар тўпланиб қолган эди.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасини мен ҳар бир соҳада аниқ ва манзилли таклифлар, дастурлар, кутилаётган натижалар ёритиб берилган ҲАЁТ КИТОБИГА менгзагим келди. Ушбу Мурожаатнома биз учун кейинги бир йил давомида ҳаёт йўлларимизда ҳар бир соҳада амалга оширилиши мўлжалланган ибратли ва хайрли ишлардан ва халқимизни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун тузилган дастур ҳисобланади. Мен ишонаман, ушбу ҳаёт китобини англаш ва уни уқиш йўлида олиб бориладиган ишлар келгусида ўз самарасини беради.

Мирзоҳид БОТИРОВ,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги

Маънавият ва маърифат маркази директори